Андижонда нарколаборатория очган шахс қамоққа олинди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси, Божхона ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Асака туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида 1988 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг ёнидан 1 дона номсиз спрей идишдаги номаълум суюқлик ҳамда 2 дона номсиз дори воситалари аниқланиб, вақтинча сақловга олинди.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, Хўжаобод туманида ушбу шахсга тегишли хонадон кўздан кечирилганда, мазкур манзилда нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлди. У ердан спрей идишлардаги номсиз суюқликлар, оқ рангли кукунсимон моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда гиёҳвандлик моддаларини тайёрлашда қўлланиладиган анжомлар ашёвий далил сифатида олинди.
Экспертиза хулосасига кўра, аниқланган моддалар “Альфа-PVP” синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи моддаси экани тасдиқланди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter