Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистондаги кўҳна мақбара АҚШ кўмагида қайта тикланди

Қорақалпоғистондаги кўҳна мақбара АҚШ кўмагида қайта тикланди

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли шаҳри яқинидаги Халифа Ражаб (Эрежеп) мақбараси Қўшма Штатлар кўмагида қайта тикланди.

Тарихий ёдгорликнинг қайта очилишида АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник қатнашди.

«Бу – Қорақалпоғистоннинг бой тарихи, маданияти ва қадимий руҳини яққол намоён этувчи қимматли обидадир. Биз Элчи жамғармаси орқали Ўзбекистоннинг бой тарихини келажак авлодлар учун асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз. Бу иш икки мамалакатнинг маданий меросни асраб-авайлашга бўлган садоқатини янада мустаҳкамлайди», – деди Ж.Ҳеник.

ХII асрга оид Халифа Ражаб зиёратгоҳини Марказий Осиёни тадқиқ этиш халқаро институти АҚШ элчисининг маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси грантидан фойдаланиб қайта тиклади. Кўҳна мақбарани сақлаб қолиш учун қарийб 80 минг доллар ажратилди.

Тарихий обида ҳолатини тўлиқ ўрганиш учун геофизика, геодезия, археологик тадқиқотлар, таркибий назорат, 3D сканерлаш, фотограмметрия, радиоуглеродларни аниқлаш каби илғор усуллардан фойдаланилди.

Лойиҳа доирасида ташриф буюрувчилар учун мақбара ҳақида батафсил маълумот берувчи интерактив маълумот тахталари ўрнатилди. Мобил қурилмалар орқали фойдаланиш имконини берувчи аудиоқўлланма ишлаб чиқилди, махсус веб-сайт ишга туширилди.

2001 йилда таъсис этилган Элчининг маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси ривожланаётган мамлакатларга тарихий обидалар, маданий объектлар ҳамда анъанавий маданий ифода шаклларини сақлаб қолиш учун грант ажратади. Мазкур жамғарма 2001 йилдан буён Ўзбекистонда тарихий бинолар реставрацияси, нодир қўлёзмалар ва музей коллекцияларини баҳолаш ва сақлаш, археологик ёдгорликларни муҳофаза қилиш, анъанавий ёдгорликларни ҳужжатлаштириш бўйича 15 та лойиҳани қўллаб-қувватлади, бунинг учун 1,3 миллион доллар ажратди.

Аввал хабар берганимиздек, ўтган йили Вашингтон ва Тошкент «Ўзбекистоннинг археологик ва этнологик материаллари тоифаларида импорт чекловларини жорий этиш тўғрисида» битимни имзолаган эди. Шу тариқа Ўзбекистон АҚШ билан маданий бойликлар тўғрисида битим имзолаган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг