Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

1 январдан нималар ўзгаради?

1 январдан нималар ўзгаради?

2023 йил 1 январдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳи Norma.uz портали томонидан тақдим этилди.

Тадбиркорлик соҳасида талаблар соддалаштирилмоқда

 Ҳусусан, қуйидаги талаблар бекор қилинмоқда:

  • тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва ОАВда бу ҳақда эълон бериш;
  • янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши;
  • электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;
  • якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.

Тадбиркорларни текшириши тартиби ўзгармоқда

Назорат қилувчи органларга «Ягона давлат назорати» ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланмоқда.

Тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар тақдим этилмоқда

Якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50%идан йилига БҲМнинг 1 бараваригача камайтирилмоқда (бундан савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно).

Ўзининг шахсий томорқа ер участкасида шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)ни, шу жумладан, юридик шахслар учун ҳам бажаришга руҳсат этилмоқда. Қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорларни жалб қилиш мумкин бўлади

Қорақалпоғистоннинг барча туманларида жойлашган тадбиркорлик субъектлари учун 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

  • фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50%га камайтирилади;
  • ижтимоий солиқ 1% миқдорида белгиланади;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига БҲМнинг бир баравари миқдорида белгиланади.

Электромобилларни қувватлантириш станциялари солиқ ва божхона божларидан озод этилади

2026 йил 1 январгача озод қилинади:

  •  юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан – электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан – электромобилларни қувватлантириш станциялари;
  • фойда солиғидан – асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатиш (ушбу фаолият тури бўйича тушумнинг умумий реализация қилиш ҳажмидаги улуши 50% ва ундан юқори) бўлган тадбиркорлик субъектлари;
  • транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад бўйича айланмадан олинадиган солиқдан;
  • божхона божидан – белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар.

Статистика ҳисоботларининг янги шакллари кучга кирмоқда, айримлари ўз кучини йўқотмоқда

2023 йил учун 100 дан зиёд статистика ҳисоботи шакллари кучга кирмоқда.

Статистика ҳисоботининг 9 та шакли ва бухгалтерия ҳисоби субъектлари томонидан молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинмоқда.

Хорижий сайёҳларга ҚҚСни қайтариш бўйича эксперимент бошланади

Чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган ҚҚС суммасини қисман қайтариш («tax free») тизими тажриба тариқасида жорий этилмоқда.

Пенсия ҳисоблаш тартиби ўзгармоқда

Ёшга доир, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий микдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача ошириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, имконияти чекланган шахсларни пенсия таъминотига оид қуйидаги нормалар кучга кирмоқда:

  • I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади;
  • I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, фуқаронинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади.  

 Дори воситаларига янги талаблар ўрнатилмоқда

Тасдиқланган рўйхатда белгиланган дори воситаларидан ташқари барча янги дори воситалари ишлаб чиқариш шароитларининг «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP» талабларига мувофиқлиги ўрганилганидан сўнг клиник тадқиқотларнинг ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Импорт шартномалар бўйича хизматларни солиққа тортиш тартиби ўзгармоқда

Асбоб-ускуналар (қурилмалар, механизмлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар) сотиб олиш (сотиш) бўйича шартномада (контрактда) уларни монтаж ва (ёки) ишга тушириш-созлаш хизматлари, ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа шу каби хизматлар қиймати алоҳида кўрсатилмаган ҳолларда норезидентнинг солиқ солинадиган даромадини ушбу хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Айрим давлат органлари мажбурий тартибда ногиронлар жамиятларидан товарлар харид қилишади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб вазирлиги ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, шунингдек, ушбу идораларнинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг ўзларига керак товарларнинг камида 10% қисми ногиронлар жамиятлари томонидан ишлаб чиқилган  товарлар ташкил этади.

Адвокатлик лицензияси онлайн расмийлаштирилади

Лицензия олиш учун аризалар «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали юборади. Аризалар ҳар куни, дам олиш куни ва байрам кунларидан қатъи назар юборилиши мумкин. 

Қурилиш соҳасила талаблар соддалаштирилмоқда

Қурилиш-монтаж, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштираётган тадбиркорлик субъектлари учун смета-ресурс нормалари тавсиявий хусусиятга эга бўлади.

Қурилиш регламентлари ҳамда смета-ресурс нормаларини Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳар 3-4 йилда қайта кўриб чиқилади ва заруратга кўра янгилаб борилади.

Текстиль маҳсулотларини олиб чиқиш учун йиғим миқдори ўзгаради

Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони (бўялган трикотаж матодан ташқари) олиб чиқишда ҳар бир кг учун $0,1 миқдорида йиғим ундирилади(2022 йилда – $0,05). 

Ипотека кредитлари учун субсидия олган шахслар ЖШДСдан озод этилади

Дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари ЖШДСга тортилмайди. Ушбу имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан ошмаган қисмига татбиқ этилади

«Е-патруль» тизими жорий этилади.

Босқичма-босқич «Е-патруль» тизими жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади.  Барча маълумотлар онлайн текширилади, патруль ходимларининг фаолияти эса бодикамера орқали қайд этилади.

Фахрий донорларга қатор имтиёзлар берилади

«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача оширилади. Мазкур кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
  • шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланиш;
  • давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;
  • доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади;
  • донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил - МҲЭКМнинг 3%и миқдорида белгиланади.

Маҳаллий бюджетлар Болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасини тўлдириб боришади

Ҳар чоракда маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10%и Жамғармага йўналтирилади. Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари томонидан фарзандлари учун сотиб олинган оромгоҳлар йўлланмалари нархининг 50 %игача бўлган (аммо ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 1 бараваридан ошмаган) қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходимларга компенсация қилиб берилиши мумкин.

Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда касаба уюшмалари аъзоси бўлган ходимларни соғломлаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун касаба уюшмалари Федерациясига белгиланган тартибда тақсимланадиган ижтимоий солиқ тушумлари ҳисобидан ҳар бир йўлланма нархининг 55%и миқдорида санаторийларга компенсация қилинади.

Иккита ҳудудда имтиёзли транспорт карталари бериш бошланади

Тошкент ва Самарқандда  имтиёзли транспорт карталарини бериш бошланади.

Имтиёзли карталарни олиш учун ҳудудий транспорт бошқармаларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш лозим.

Маълумот учун: қуйидаги шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган:

  • 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • Афғонистонда ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
  • ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар; 
  • ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахслар ва ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахсга сафарларда ҳамроҳлик қилувчи шахс.

 Собир Нурбердиев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг