Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«25 йил: Шараф, маҳорат, мардлик мактаби» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

«25 йил: Шараф, маҳорат, мардлик мактаби» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 10 сентябрь куни Миллий матбуот марказида Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги институти фаолиятига бағишланган «25 йил: Шараф, маҳорат, мардлик мактаби» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган мазкур китоб-альбом кенг ўқувчилар оммасига бағишланган бўлиб, унда таълим даргоҳининг чорак асрлик тарихи тўлиқ акс этган.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон ҳудудида ёнғин хавфсизлиги тизим пайдо бўлиши тарихи, ёнғинни бартараф этиш ва олдини олиш бўйича ўтган асрда қилинган ишлар, ўт ўчирувчиларни тайёрлашнинг илк солномалари, тамал тошини қўйган фидойи шахслар хусусида батафсил маълумотлар ва тарихий расмлар ва бошқа қимматли маълумотлар китобдан ўрин олган.

Мавлонбек Дўсчанов, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти бўлим бошлиғи, китоб муаллифларидан бири: 

«Институтнинг чорак асрлик тарихини битта китобга жойлаш осон эмас: институтнинг ташкил этилиш тарихи, унинг фаолияти, кадрлар тайёрлашдаги салоҳияти, мамлакатимиздаги ислоҳотларда тутган ўрни, кафедралар ҳаёти, профессор-ўқитувчилар, уларнинг илмий тадқиқот ишлари, спорт соҳасидаги ютуқлар, халқаро ҳамкорлик, хуллас, жуда кўп маълумотни саралашга тўғри келди.

Тўрт ой давомида ишчи гуруҳ китоб устида бетиним ишлади. Бизга институт кафедралари катта ёрдам беришди. Қолаверса, устозлардан, мутахассислардан кўп маслаҳат олдик.

Қўлимизда кўп маълумотлар қолиб кетди, шунинг учун ҳам келгусида ҳар бир кафедранинг 25 йиллик тарихини алоҳида китоблар қилиб чиқаришни режалаштирдик. Ҳам тарих учун керак, ҳам ёшлар учун ажойиб қўлланма бўлади».

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда ёнғин хавфсизлиги ходимларини тайёрлаш, институтда олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари, ёнғинларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича маҳаллалар билан ҳамкорлик, профилактика тадбирлари хусусида ҳам сўз бориб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.


Ёнғин хавфсизлиги институти

Институтга 1993 йилнинг 11 августида, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ёнғин хавфсизлиги муҳандислари Тошкент факультети ва Тошкент ёнғиндан сақлаш техник билим юрти негизида Ёнғиндан сақлаш олий техник мактаби ташкил этилиши билан асос  солинган.

Ўтган 25 йил давомида институтда 7 мингдан ортиқ мутахассислар тайёрланиб, ёнғин хавфсизлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа соҳаларга етказиб берилган бўлса, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ёнғин хавфсизлиги йўналишидаги 4 мингдан зиёд ходимлари малакаси оширилди.

Институт олимлари томонидан ўтган йиллар давомида 250дан ортиқ дарслик, ўқув қўлланмалари, монографиялар яратилди, 30 дан зиёд ихтироларга патентлар олинди ва бу ишланмалар хизмат амалиётига унумли татбиқ этилмоқда. 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб республикамизнинг 15 та касб-ҳунар коллежида ёнғин хавфсизлиги мутахассислиги бўйича гуруҳлар ташкил этилди.

Германия, Франция, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Беларусь, Қозоғистон каби хорижий давлатларнинг турдош олий таълим ва илмий-тадқикот марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда.

Олий таълим муассасасининг уч нафар ходими — Армен Багдасаров, Абдулла Тангриев ва Владимир Шмаковлар Осиё ва жаҳон чемпионлари, Олимпиада совриндорлари, ўндан ортиқ офицерлар Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлишган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг