Ўзбекистонда 6 ойда қарийб 25 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилди
2026 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистонда 92,3 мингта никоҳ ва 24,8 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилди. Миллий статистикага кўра, никоҳлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 мингтага камайган бўлса, ажримлар сони 1,5 мингтага ошган.
6 ой мобайнида ҳар минг аҳоли ҳисобига никоҳ коэффициенти 4,9 промиллени, ажримлар коэффициенти эса 1,3 промиллени ташкил этди. Бу никоҳлар қисқараётган, ажримлар эса ўсиш тенденциясини сақлаб қолаётганини кўрсатади.
Тақдим этилган диаграммага кўра, сўнгги беш йилда биринчи ярим йилликда қайд этилган никоҳлар сони изчил камайиб бормоқда. Агар 2022 йил январ–июн ойларида 108,9 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 98,6 мингтага, 2024 йилда 97,4 мингтага, 2025 йилда 95,3 мингтага тушган. 2026 йилда эса никоҳлар сони 92,3 мингтагача қисқарган.
Ажримлар динамикаси эса аксинча шаклланган. 2022 йилда 24,6 мингта ажрим қайд этилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 25,4 мингтага чиққан. 2024 йилда 22,5 мингтага тушган ажримлар сони 2025 йилда яна 23,3 мингтага, 2026 йилда эса 24,8 мингтага етган.
2026 йилнинг биринчи ярмида қайд этилган никоҳларнинг 47,2 мингтаси ёки 51,1 фоизи шаҳарларда, 45,1 мингтаси ёки 48,9 фоизи қишлоқ жойларда расмийлаштирилган. Бу никоҳлар тақсимотида шаҳар ва қишлоқ ўртасида катта фарқ йўқлигини кўрсатади.
Ажримлар бўйича эса шаҳарлар устунлик қилмоқда. Жами 24,8 мингта ажримнинг 14,9 мингтаси ёки 60,1 фоизи шаҳарларда, 9,9 мингтаси ёки 39,9 фоизи қишлоқ жойларда қайд этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter