Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Aббосбек Мaҳaмaдaминов: «Aйти» соҳаси узлуксиз ривожланишни талаб қилади

Aббосбек Мaҳaмaдaминов: «Aйти» соҳаси узлуксиз ривожланишни талаб қилади

Бугун дастурчилик соҳасига қизиқадиган ёшлар жуда кўп. Замон талаби ҳам шундай. Кимдир бунинг учун олий таълим оляпти, кимдир махсус курсларда ўрганяпти. Бу соҳанинг қирралари ҳам кўпки, баъзан ёшлар нимадан бошлашни ҳам билмай қолади.

Aйни дамда EPAM Systems компаниясида дастурчи-муҳандис бўлиб ишлаётган Aббосбек Маҳамадаминов билан қуйидаги суҳбатимиз айтига қизиқувчи ёшларга ўзига хос мотивация бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.

– Дастурлаш соҳасини танлашингиз сабаби ва бу соҳада ишлашнинг машаққатлари нимада?

– Олтинчи синфдалигимда MS Excel 2003 дастурида катакчаларни динамик тўлдириш ва формулаларни ёзишни ўрганганман. Шундан кейин айти соҳасига қизиқиб кетганман. Мактабимизда информатика, математика ва физика фанлари интерактив тарзд+а ўтказиларди. Aйниқса, турли формулалар, рақамлар билан ишлаш, ҳисоблаш ва компютер техникасига оид ишларни катта қизиқиш билан бажарардим. Кейинчалик университетга топшириш жараёнида ҳеч иккиланмай шу соҳани танладим, чунки келажагимни IT соҳасида кўргандим. Ҳозирда EPAM Systems компаниясида дастурчи-муҳандис сифатида ишлаяпман.

Инсон ўзи ёқтирган ишни қилса, бу орқали ҳар икки томонлама, яъни ҳам компания, ҳам шахсий ривожланишда юқори натижаларга эришиш мумкин. Бу билан айтмоқчиманки, касб танлашда, албатта, шахсий қизиқишларни инобатга олиш керак. Баъзан узоқ вақт компютер қаршисида ўтириш, ақлий меҳнат сабаб чарчоқни ҳис қилиш табиий, аммо қилаётган ишингиз, унинг натижасини олиш, лойиҳаларда ишлаш ва сизнинг ҳам ҳиссангиз қўшилган меҳнат маҳсулининг инсонлар ҳаётини енгиллаштираётганини кўриб, ўзингиздан мамнунликни ҳис қиласиз.

– Дастурлаш соҳасида яхши мутахассис бўлиш учун қандай фундаментал билимлар керак ва олий таълимда ўқиш қанчалик муҳим?

– Ўйлайманки, энг биринчи ўринда мақсадни аниқ қилиб олиш керак. IT мутахассиси бўлишни истовчилардан барча соҳалар қатори, ўз навбатида, иштиёқ талаб қилинади. Бундан ташқари, математика, информатика ва мантиқни яхши билиш дастурлаш тилларини тезроқ ўрганишда қўл келади. Хусусан, компютер илмларини яхши билиш зарур. Хорижий тилларни билиш эса дастурчига янада кўпроқ имкониятларни тақдим етади, масалан, хорижда таълим олиш, нуфузли университетларнинг бепул онлайн курсларида малака ошириш ва ҳатто хорижий компанияларда ишлаш ҳам мумкин. Шахсий қарашларимга кўра, кучли мутахассис бўлишда таълим энг муҳим омиллардан бири – у хоҳ олий таълим бўлсин, хоҳ устоз-шогирд анъаналари асосида. Муҳими, ўрганиш ва тажриба орттириш, деб ҳисоблайман.

– Келинг, суҳбатимизни сиз таҳсил олиб қайтган олийгоҳ, яъни Корё университети ҳақида давом эттирсак. Ўқишга кириш жараёни қандай бўлган?

– Ростини айсам, университетга қабул қилинишим нисбатан осон бўлган, лекин бу университетда ўқиш жуда ҳам машаққатли. Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида жойлашган Корё университети ушбу давлатдаги энг нуфузли университетлардан бири бўлгани сабабли ҳам ўқишга қабул қилиш жараёнида билими кучли чет эллик талабаларни саралаб олади. Биринчи босқичда талаб қилинган барча ҳужжатлар ва тавсияномаларни топширганман ва бу босқичдан ўтгач, мени суҳбатга таклиф қилишган. Интервю жараёнида уларнинг саволларига имкон қадар креатив жавоб беришга ҳаракат қилганман. Бу босқичдан ҳам муваффақиятли ўтиб, университет талабасига айлангандим.

– IT соҳаси бўйича ўқитишда Корея университетлари қандай методлардан фойдаланди? Нима деб ўйлайсиз, мамлакатимизда ҳам уларни қўллаш мумкинми?

– Кореяда IT соҳаси бўйича таълимга келадиган бўлсак, бакалавр даражасида Ўзбекистондан тубдан фарқ қилмайди. Яъни, IT саноатида Корея бозорида нимага талаб бўлса, шуни ўргатишади. Кореядаги саноатдан келиб чиқадиган бўлсак, у ерда IoT (Internet of Things) ярим ўтказгичлар бозори ривожланган ва таълим ҳам кўпроқ шунга ихтисослашган. Мен ўқиган университетда ҳам шунга оид фанлар кўп бўлган. Дарсларни инглиз ва корейс тилларида педагог жиҳатидан кучли профессорлар эмас, балки илмий тадқиқотларга мослашган профессорлар ўтгани учун улардан ўрганиш қийин бўлган. Корейс курсдошларим қатори мен ҳам маърузалардан кейин барибир ўзим ўрганишимга тўғри келган. Ўйлайманки, IT соҳасини ўрганишда амалиёт энг муҳими, ҳар бир олинаётган билим амалиётда қайта ва қайта синаб кўриш орқали мустаҳкамланиши лозим.

– Қандай дастурлаш тилларини биласиз?

– Turbo Pascal дастурлаш тилини ўрганишдан бошлаганман. Кейинчалик бошқа дастурлаш тилларини ҳам ўргандим. Энг кўп фойдаланиладиган дастурлаш тилларидан Java, SQL, Python, TypeScript кабиларни биламан.

– IT-Парк ва EPAM Systems ҳамкорликда талабалар учун IT лабораторияси яратилди. Хўш, натижалар бўляптими?

– EPAM Systems буюртма асосида дастурий таъминот ишлаб чиқариш ҳамда консалтинг соҳаси бўйича Марказий ва Шарқий Европадаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Aйни дамда компаниянинг филиаллари дунёнинг 20дан ортиқ давлатларида фаолият кўрсатмоқда. EPAM Systems лабораторияси ёшларни IT соҳасига ўқитиш ва тажриба орттиришларида энг самарали лойиҳалардан бири деб биламан. Компанияга кирганимдан кейин кўпчилик ҳамкасбларим айнан шу лаборатория ёки унга алоқадор бўлган ўқув дастурларини тугатишганини билдим. Иш жараёнида уларнинг анча яхши тажрибага эга эканликлари ўз ишларини аниқлик ва креативлик билан бажаришларида яққол кўриниб туради. Ўйлайманки, бу каби лойиҳалар дастурлаш соҳасида кучли мутахассисларни тарбиялашда ўз натижасини яқин йилларда яққол кўрсатишни бошлайди.

– Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги балансни сақлаш учун нималар қиласиз?

– Энг муҳими, олтин ўрталикни топиш. Имкон қадар лойиҳаларни вақтида тугатишга ҳаракат қиламан. Яқинларим билан вақт ўтказиш, дўстлар билан тез-тез учрашиб туриш орқали фикр алмашишни яхши кўраман. Бу кўпинча иш жараёнида бўладиган чарчоқ ва турли стрессларни осон eнгишда кўмаклашади. Кун давомида фаол бўлишга уринаман, чунки кўпинча компютер қаршисида узоқ ўтириш танада қоннинг яхши айланишига салбий таъсир қилади. Доимий равишда дам олиш кунларимда севимли спорт турим – стол тенниси билан шуғилланиб тураман.

– Кўпчилик ўйлайди, дастурчиларда китоб мутолаасига вақт ёки қизиқиш ҳар доим ҳам бўлавермайди? Сизга китоб ўқиш ёқадими?

– Aлбатта китоб ўқиб тураман, сабаби инсон маънавий озуқани ва руҳий тарбияни кўпинча мутолаа қилишдан олади. Бундан ташқари, давомий китоб ўқишни одат қилиш инсон мияси фаолиятини ҳам яхшилайди. Энг кўп ўқийдиган китобларим ХIХ-ХХ аср Aмерика классик адабиёти, маърифат даври ёзувчилари – Волтер, Иммануэл Кант, Давид Ҳуме асарлари, ҳозирги кунги психология соҳасидаги олимлар Жордан Петерсон, Ноам Ҳомски, Михай Чиксентмихайи ва бошқа бир қатор ёзувчилар асарларини ўқиб тураман.

– Келгуси йиллар давомида ўзингиз учун қандай мақсадлар қўйгансиз?

– Ўйлайманки, инсон ҳар доим ўз устида ишлаши керак, айниқса, IT соҳаси ҳар бир мутахассисдан узлуксиз ривожланишни талаб қилади. Биринчи навбатда, ўз соҳамда кўпроқ тажриба орттириш ва хорижлик кучли мутахассислардан янги билимлар ўрганишни режа қилганман. Бундан ташқари, нуфузли халқаро ташкилотларга ишга кириш ва дастурлаш соҳасида муваффаққиятли карера қилиш ўз олдимга қўйган мақсадларимдан биридир.

Машҳура РAҲМОНОВA суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг