Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Аччиқ, аммо очиқ ҳақиқат...

Аччиқ, аммо очиқ ҳақиқат...

Фото: «Xabar.uz»

Замон ўзгаряпти. Бўлаётган янгиликлар, янгиланишларни кўриб кўрмасликка олиш ғирт нодонлик. Айрим ҳамкасбларимиз бу ўзгаришлардан руҳланиб, ҳаяжонланиб, бугунги кунни «ўтган чорак аср»га солиштириб, ер билан осмонча фарқларни санашни ҳам бошлашди. Бу кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади. Айрим асаби бўшроқ «фолловер»лар (хато ёзмадимми ишқилиб?) чапараста «комментларни» аямай ёғдиришди. «Нимага ундоқ? Нимага бундоқ?»

Рости, мен ҳеч кимни қораламоқчи ҳам оқламоқчи ҳам эмасман. Фақат асабни асраш, феълни сал кенгроқ қилишни эслатиб ўтмоқчиман холос.

Тарихдан хабарингиз бор, минг йилча илгари буюк мутафаккир Абулқосим Фирдавсий ўзининг «Шоҳномаси»ни битганди. Муаллиф уни ёзишни бошлаганда давлат тепасида Сомонийлар аталмиш сулола ҳукмрон эди. Шоир бу шоҳ асарни ҳукмдорга бағишлаб, шу меҳнатига яраша инъомдан ҳам сал-пал умидвор эди. Аммо палакатни қарангки, шоҳ асар тугай деб турганда, «шоҳ»нинг ўзи «мот» бўлди. Фалаканинг гардиши билан Ғазнавийлар аталмиш сулола Сомонийларга «кишт» бериб қолди-ку? Шоир эса ўз асари устида оз эмас кўп эмас ўттиз беш йил тер тўкиб қўйган...

Муаллиф бағишлов қисмини ўзгартирди-да, ўша ерига Маҳмуд Ғазнавийни шарафлаб, китобни Султон ҳузурига олиб борди. Ҳар қалай форсий сулолалар тарихига бағишланган бу буюк асар туркий ҳукмдорга ёқмадими, шоирнинг яширин тадбиридан хабар топдими, ё шунчаки зиқналик қилдими, Маҳмуд Ғазнавий ваъда қилинган 60 минг олтин танга ўрнига 60 минг кумуш танга беришни буюрган экан. (Таққос учун: бугун олтиннинг кумушга нисбати элликка бир).


Мавзуга доир:
Бутларни синдиринг!


Замонлар ўтди. Фотиҳлар фатҳ этишди, зобитлар забт этишди.

Чингизийлардан қолган вайроналар ўрнига соҳибқирон Амир Темур янги давлат барпо этди. Адабиёт ва санъат гуллаб яшнади. Соҳибқироннинг зафарли юришларини олқишловчи асарлар битилди. Унинг авлодлари ҳам имкон қадар ижод аҳлига ғамхўрлик қилишди (ижоднинг ҳар доим моддий ва маънавий рағбатга эҳтиёжи бор).

Хушкалом шоирларимиз темурийзода ҳукмдорларни мақтаб беназир қасидалар, достонлар битдилар:

Севунсун хисрави олий гуҳар султон Улуғбекким,

Шаҳаншоҳ Шоҳруҳбектек шаҳи хисрав нишон келди,

— дейилади ана шундай қасидаларнинг бирида.

Аммо, замон чархпалаги айланаверди. Вақти келиб, Темурийлар салтанатининг пойдевори зил келди. Ички низолар, ўзаро келишмовчиликлар буюк сулолани емириб битирди. Бобур Мирзодек маърифатли ҳукмдорлар «Ҳинд сори юзлангач», давлат Шайбонийхон қўлига ўтди. Тарихий китобларда Темурийларнинг айбу нуқсонлари аямай «фош этилди». Янги шаҳаншоҳ «имоми замон, халифаи раҳмон» дея шарафланди. Унга атаб «Шайбонийнома»лар битилди.

Давлати Оли Темур кетгусидир,

Навбат ўзга кишига еткусидур,

— дея кетганларга тош отилиб, келганларга гул тутилди.

Замонлар ўтди, фотиҳлар зобитлар келиб кетаверди. Тамойиллар эса ўзгармади.

Чор ҳукмдорлари мулкимизни тамомила қўлга олишди. Матбуот, газета журнал деган гаплар пайдо бўлди. Маҳаллий тилда илк бор чиққан «Туркистон вилоятининг газети»да «импаратўр ҳазрати олийлари», «гинирол-губирнатўр зоти олийлари»га бағишланган саҳифа-саҳифа мақолалар чоп этилди.

Аммо Оқподшонинг тахти ҳам омонат экан. Юртимиз узра Инқилоб қуёши порлади. Шоирларимиз «Чиқди эркнинг қуёши, тинди мазлум кўз ёши» деган мазмундаги мадҳиялар ёздилар. Ўтмиш сарқитлари обдон қораланди. «Ким эдик тарихда биз, номи йўқ қашшоқ гадо...»

Хуллас етмиш йил «халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурган, ер ўзидан энг адолатпарвар, фаровон, гўзал ва бепоён мамлакатда» яшадик. Мактабларда «ўқинг аъло, бўлинг доно, деган бизга Ленин бобо» деган шеърларни ўқиб савоб чиқардик.

Аммо кунларнинг бирида... «халқимизнинг асрий орзулари ушалди». «Етмиш йиллик маънан қулликда, гумроҳликда, асирликла яшаганимизни англадик». Яна китоблар битилди, қасидалар ёзилди. Тарихлар янгиланди.

Бугун эса... Ҳа майли...


Мавзуга доир:
Президент мақтовга муҳтожми ёки лаганбардорлик ва маддоҳлик ҳаддан ошганда...


Айтмоқчимизки, олдин ҳам шундай бўлиб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолса керак. Ажабланишга ҳам ғазабланишга ҳам ҳожат йўқ.

Тўғри, ҳар қандай замонда ҳақиқатни юзига тик боққан, рост гапни айтишдан ёзишдан чекинмаган оташқалб шоиру мутафаккирлар ҳам бўлган. . Аммо уларнинг қисмати нима билан тугаганини яхши биламиз. Халложлар нимталанди, насимийларнинг териси шилинди. брунолар куйдирилди, машраблар дорга тортилди, чўлпону қодирийлар пешонасидан отилди...

Ўтганларни Аллоҳ раҳмат қилсин! Уларни қоралашдан фойда йўқ, Улар қилар ишларини қилиб кетдилар. Бугунги куннинг эса, фойдасиз мақтовларга, ҳамду саноларга эҳтиёжи йўқ.

Бугун ҳақ гапни айтганингиз учун ҳеч ким сизни нимталамайди, терингизни шилмайди, ўтга ёқмайди, дорга тортмайди, пешонангиздан отмайди. Шундай экан, «аввалгиларга ўхшамас»дан бор гапни, бўяб бежамасдан, бугунги ютуқларни кўпиртирмасдан, ўтган кунларни қораламасдан, борини борича айтайлик, ёзайлик азизлар.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг