“Адабий конспект”дан таралаётган ёғду
Таниқли журналист ва моҳир публицист, доимо ёниқ қалб, журъат ва шижоат билан қалам тебратаётган ижодкор Аҳмаджон Мелибоевнинг янги нашр этилган “Сиз ёзмаган китоб” тўплами — узоқ йиллар давомида кўнгил тубида етилиб келган фалсафий, маънавий-ахлоқий қарашлар, ибратли ҳикматлар, миллий удум ва одобларимиз, қадимий тарбия анъаналаримизни ёдга солувчи бетакрор намуна ва фикрлардан тузилган ўзига хос ижодий гулдастадир.
Ҳамиша бедор ва кузатувчан муаллиф қайси лавозим ёки мақомда бўлмасин, ўз қалб амрига бўйсуниб яшайди. У ҳаётдаги муаммоларга дуч келганда, аввало, уларнинг туб илдизини излайди, ечим йўлларини ахтаради ва бу жараёнга китобхонни ҳам шерик қилади. Тўпламдаги бир қарашда жўн ва оддий туюлган фикрлар ортида ўқувчини ўйга толдирадиган, мустақил мушоҳадага ундайдиган маънолар яширин. Улар бир ўқишдаёқ кўнгил қатларидан жой олади.
Муаллиф ўқувчини фикрларни кўр-кўрона қабул қилишга эмас, балки уларни шахсий дунёқараш ва тажриба мезонида қайта баҳолашга чақиради. Зеро, кўпгина ҳақиқатлар айнан фикрлар хилма-хиллигидан туғилади.
Қўлёзмани мутолаа қилар эканман, муаллифнинг ўта кузатувчанлигига яна бир бор амин бўлдим. Бугун кўпчилик китоб ўқийди, дунё воқеаларини кузатади, ижтимоий тармоқларда фаол. Аммо аксарият ҳолларда бу маълумотлар оддий ахборот сифатида қабул қилиниб, у билан чекланиб қолинади. Аҳмаджон Мелибоев эса бундай эмас. У таъсирчан фикрлар, яширин ҳақиқатларни очувчи факт ва рақамлар, қиёсий таҳлиллар ва муҳим хулосаларни саралаб, ёзиб боради. Шу билан кифояланмай, ҳар бир маълумотнинг маъно-моҳиятини чуқур англашга интилади ва англаганларини ўқувчи билан баҳам кўришга шошилади.
Муаллиф инсон табиатидаги салбий иллатлар — ҳасад, порахўрлик, лаганбардорлик, ланжлик ва танбалликни ўзига хос юмор ва кескин танқид орқали фош этади. Шу билан бирга, сабр-тоқат, ишонч ва умид, зиёлилик, дўстлик ва саховат каби фазилатларни улуғлайди. У буюк аждодларимиз мероси билан бир қаторда, замонамизнинг таниқли олим, рассом, санъаткор, ношир, шоир ва ёзувчилари ҳаёти ва ижодидан ибратли мисоллар келтиради. Бу мисоллар ўқувчи тафаккурида жонли тасаввурлар уйғотади.
Муаллифнинг мулоқот доираси кенг, мавзулар қамрови эса салмоқли. Китобда турли касб эгалари — олимдан тортиб тарбиячи, санъаткор, спортчи, сайёҳ, ҳатто қассоб ва фермергача бўлган инсонлар билан суҳбатлар ўрин олган. Бу суҳбатлардаги теран фикрлар ва ҳаётий хулосалар ўқувчи хотирасида узоқ сақланади. Муаллиф хориж сафарлари давомида ҳам ўз кузатувчанлигини намоён этиб, таъсирчан таассуротларни жозибали услубда баён этади.
У дунё сир-синоатларини ҳайрат билан тадқиқ этар экан, инсон ва табиат ўртасидаги узвий боғлиқликни чуқур ҳис этади. Шу асосда, ҳар қандай жамиятда адолат энг олий мезон бўлиши керак, деган хулосани илгари суради. Мухбир сифатида юртимизнинг олис ҳудудларини кезган, қўшни давлатлар ҳаётини яхши билган муаллиф тез ўзгараётган дунёда миллий туйғу ва ор-ғурурнинг сусайиши, моддийликка берилиш каби муаммоларни ҳам четлаб ўтмайди.
Бир нафасда ўқиладиган ушбу китоб муаллифнинг бу асар устида пухта ва изчил ишлаганини яққол намоён этади. Унинг ҳар куни фикрларини қайд этиб бориш одати китоб мазмунида ўз ифодасини топган. Китоб сарлавҳасининг моҳиятини англаган ўқувчи, эҳтимол, ўзи ҳам қалам олишга илҳомланади. Аслида, муаллифнинг мақсади ҳам шу.
“Китоб ўқир эканман, улардан топган дур-жавоҳирларим, англаган ҳақиқатларим, мутолаа жараёнида туғилган фикрларимни бошқалар билан баҳам кўриш мен учун ёқимли машғулотга айланди, — деб ёзади муаллиф. — Янгилик бўлган сўз ва иборалар, ноёб воқеа-ҳодисалар талқини, аждодларимизнинг ҳикматлари ва эсда сақлаш қийин бўлган фактларни ён дафтаримга қайд этаман. Агар мендан бу дунёда қандай мерос қолдиришимни сўрасалар, ҳеч иккиланмай, ана шу ёзувларимни айтар эдим...”
Ўқувчи онгини бойитадиган, фикр ва мушоҳадага чорлайдиган ушбу тўплам китоб жавонларимизни янада бойитишга хизмат қилишига ишончим комил.
Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter