Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адолат муҳимми ёки статистика? Фарғонадаги «итга талатиш» воқеасининг кўз илғамас қирраси

Адолат муҳимми ёки статистика? Фарғонадаги «итга талатиш» воқеасининг кўз илғамас қирраси

Видеодан скриншот

Фарғонада фуқаролар ўртасида содир бўлган жанжал, айни жараёнда бир шўрлик итга талангани акс этган лавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалгани ҳамоно Ички ишлар органлари кетма-кет иккита баёнот берди.

Аввал ИИВ матбуот котиби Ш.Ғиёсов (Фарғона вилоят ИИБга таяниб) воқеа 13 май куни (лавҳа ижтимоий тармоқларда чиқишидан қарийиб 40 кун аввал) Фарғона шаҳар А.Жомий кўчасида жойлашган 16-сонли кўп қаватли уйда содир бўлгани ва «ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилаётгани»ни маълум қилди.

Кўп ўтмай Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати воқеалик бўйича кенгроқ маълумот бераркан, билиб-билмай аввалги ахборот инкор қилиб қўйди. Яъниким, «ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилаётгани»ни эсдан чиқариб, аллақчон маълум шахсларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилгани-ю судга юборилгани, суд эса «дело»ни прокуратурага қайтарганини билдиради. Эътиборлиси, кейинги ахборотда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қачон қўзғатилиб, қачон судга юборилгани, суд «дело»ни қай сабабдан прокуратурага қайтаргани ҳақида лом-мим дейилмайди.

Ушбу кўз илғамас ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Xabar.uz кичик суриштирув ўтказди.

Аён бўлдики, Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБ профилактика инспектори А.Бердиқулов жорий йилнинг 25 май куниёқ нари-бери суриштирув ўтказиб, ҳеч кимнинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ, деган хулосага келади. Ва ўша куниёқ уч нафар фуқарога нисбатан безорлик ва ҳақорат қилиш билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатиб, ҳолатни енгиллатишга уринган кўринади.

Йўқса, унинг «дело»си суд остонасидан ортга қайтарилмаган бўларди-да.

Қачонки лавҳа ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлганидан кейин профилактика инспекторининг вазиятни хаспўшлаб қилган «ижоди» прокуратура томонидан жиддироқ ўрганилади ва «...текширув ҳаракатлари бир томонлама ва юзаки олиб борилиб, терговга қадар текширув ҳаракатларига бир қатор шахслар жалб қилинмасдан барвақт ва асоссиз қарор қабул қилинганлиги аниқланди». Шу тариқа бугун ахборот берилганидек, ҳолат юзасида маъмурий эмас, балки жиноят иши қўзғатилади.

Албатта, профилактика инспекторининг қарори бекор қилиниши янгилик ҳолат эмас. Бу иш жараёнининг бир қисми, янаям тўғрироғи, инспекторнинг малакасига боғлиқ масала бўлиб, бунинг учун жавобгарликка тортилиш ҳолатлариям йўқ даражада. Бироқ «итга талатиш» воқеасидан жиноят ҳиди уфуриб турганига қарамай «участковой»нинг айбдорларга арзимас жарима билан қутулиб кетиш имкониятини ҳавола этиши ваколатли органлардан жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.

Иккинчидан, бугун жиноятчиликка қарши фаол курашилаётгани маълум, бу борада статистика ортидан қувилаётгани ҳам сир эмас. Бунинг ортидан эса ўз-ўзидан нақ жиноятни яшириш, бунинг имкони бўлмаса, енгилроқ, масалан, маъмурийга айлантириш ҳолатлари тобора бўй кўрсатмоқда. Фарғонадаги воқеа ҳам статистикани «расво қилмаслик» учун амалга оширилган ҳаракатга ўхшаб кўриняпти...

Нима бўлгандаям, рақамлар ортидан қувиш билан тинчлик, осойишталикни барқарор ўрнатиб бўлмайди, қоғознигина безайдиган статистика фуқароларнинг ички ишлар органларига нисбатан ишончини ҳам оширмайди. Масъулларнинг воқеликнинг кўз илғамас томонларини беркитиб берган ахборотлари ҳам ҳали қонун устувор, жазо муқаррар, деганиям эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг