Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Америка орзуси»: Грин карта лотереяси ҳақида керакли маълумотлар билан танишинг

«Америка орзуси»: Грин карта лотереяси ҳақида керакли маълумотлар билан танишинг

Фото:«Vnovomsvete.com»

2019 йил 7 май куни Тошкент вақти билан соат 21:00 дан  2020 йил учун Грин карта лотереясига ариза топширганлар натижаларни билиб олиш имкониятига эга бўладилар. Ушбу дастурга Ўзбекистондан миллионлаб кишилар ариза топширган. Қуйида айни пайтда АҚШда истиқомат қилаётган, «Langar Law Firm» юридик фирмасининг асосчиси ва бош адвокати бўлган ҳамюртимиз Миракмал Ниязматовнинг мақоласини келтирмоқдамиз. Мақола бир йил аввал ёзилгани учун унга айрим тузатишлар киритилган.

АҚШга иммиграция қилишнинг кенг қўлланиладиган йўлларидан бири бу Грин карта лотерея дастуридир. Мазкур дастурнинг расман «Турли миллатларга мансуб иммигрантлар Visa дастури», «Diversity Immigrant Visa Program» yoki «Diversity Visa») деб аталади.

Лотерея натижаларинини текширишда аризачига DV лотереяга ариза топширган маҳал берилган тасдиқ хати («Submission Confirmation») керак бўлади. Аризачи Мақомини Текшириш («Entrant Status Check») лотереяда ютган ёки ютмаганлигингизни билиш учун dvlottery.state.gov веб-сайтига ташриф буюринг  ва тасдиқ хатида сизга берилган тасдиқ номерини веб-сайтга киритинг.

Агар лотерея ғолибларидан бири бўлсангиз, веб-сайт сизга ушбу босқичдан кейин нима қилиш кераклиги ҳақида маълумотларни тақдим этади.

Агар тасдиқ хатини йўқотган бўлсангиз, лотерея натижаси ҳақида маълумот олишнинг бошқа иложи йўқ. Кентаки консуллик маркази («Kentucky Consular Center») аризачиларга тасдиқ хатини қайта юбормайди. Шунинг учун ҳам тасдиқ хатини ишонарли жойда сақлаб қўйиш ўта муҳим ҳисобланади. Email манзилингизни текшириб кўринг, чунки барча тасдиқ хатлари автоматик тарзда email манзилингизга юборилади.

DV дастурида қанча киши ғолиб бўлиши мумкин?

DV лотереяда ғолиблик сизга виза олишни кафолатламайди, бу шунчаки виза олиш учун мақомингиз яроқли эканлигини билдиради. Виза олиш эҳтимолини орттириш учун, лотереяда ғолиб деб топилганингиздан кейин дарҳол виза ҳужжатларини тайёрлашга киришинг. Акс ҳолда, виза ҳужжатларини ўз вақтида ёки тезроқ тайёрлаб улгурмасангиз, ажратилган 50 минг виза тугаб кетиши ва сиз лотерея ғолиб бўлсангиз ҳам, виза ололмаслигингиз мумкин.

Лотерея натижаларидан сўнг, виза олиш учун қанча вақт кетади?

2019 йил 30 сентябргача виза олиб улгурмаган ғолиблар кейинги йил виза олиш имкониятидан маҳрум бўлади. Шунингдек, аризачига ҳамроҳ бўлган аризачининг эр ёки хотини ва фарзандлари ҳам юқорида кўрсатилган муддат ичида виза олиб улгуриши шарт.

Лотерея натижаларидан сўнг ғолиб аризачи уйланса нима бўлади?

DV лотереясини ютгандан сўнг аризадаги мақомлардан бирортаси, масалан, яшаш жойи ўзгарса, турмуш қурса/уйланса, фарзандли бўлса, ғолиб Кентаки консуллик марказини бу ҳақда хабардор қилиши лозим.

Бундан ташқари, ғолиб эри/хотини ёки янги туғилган фарзанди учун иммиграция божини тўлаши керак. Аризага қўшилган янги аъзо ҳам DC 230 формасини тўлдириши лозим.

Турли хил қаллобликларнинг олдини олиш учун АҚШ ҳукумати лотерея натижасидан сўнг уйланган/турмуш қурган ғолибларни жиддий текширувдан ўтказади.

Лотерея ғолиби АҚШда бўлса, муҳожирлик мақомини АҚШдан туриб ўзгартириши мумкинми?

АҚШда бўлган лотерея ғолиблари АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматига (USCIS) ариза топшириб, АҚШда доимий яшовчи мақомини олиши мумкин. Ариза бир мунча узоқ вақтга чўзилиши мумкин. Бу муддат давомида аризачига ва унга аризада ҳамроҳ бўлганларга (эри/хотини, рафиқаси) ишлаш учун рухсат берилади ва саёҳат ҳужжатларига эга бўлиши мумкин.

Лотерея натижалари чиққан пайтда ғолиб хорижий давлатда бўлса, қандай визага ҳужжат топшириши керак?

Хорижда бўлган ғолиб АҚШнинг хориждаги консуллик бўлими ёки элчихонасида муҳожирлик визаси учун ҳужжат топшириши мумкин. Ғолиб виза олиш учун ҳужжатларни топширсагина белгиланган миқдордаги божни тўлаши лозим бўлади.

АҚШ консуллик муассасасида виза учун ҳужжат топширган ҳар бир аризачи ва унга ҳамроҳ бўлган оила аъзолари DV амал қилиши учун ва муҳожирлик визаси божини тўлаши лозим бўлади.

Виза олиш учун ариза ғолиб туғилган давлатдаги ёки охирги яшаётган хорижий мамлакатидаги АҚШ элчихонаси ёки консуллик муассасасида топширилиши керак. Хорижий давлатда виза учун ҳужжат топшираётган ғолиблар Кентаки Консуллик Марказидан белгиланган виза учрашувидан 4 дан 6 ҳафтагача олдин бўлган муддатда учрашув белгиланганлиги ҳақида хат олади.

Хорижда туриб визага ҳужжат топшириш жараёни АҚШда туриб муҳожирлик мақомини ўзгартириш жараёнига қараганда қисқа вақт олади.

АҚШ ҳукумати DV лотереяси ғолибларига молиявий ёки бошқа кўринишдаги кўмак берадими?

АҚШ ҳукумати DV лотереяси ғолибларига молиявий ёки бошқа бирор кўринишдаги, масалан, сафар харажатлари, иш топиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой топиш ва уларга тўлаш бўйича ҳеч қандай  ёрдам бермайди. Муҳожирлик визасини олиш пайтида, ҳар бир ғолиб АҚШда ишлаб, яшаб кета олишга қодирлигини ва АҚШ давлати ёрдамига таянмаслигини исботлаши лозим бўлади. Бунинг учун шахсий ҳисобингизда қанча миқдорда пул ва бошқа мулкингиз мавжудлигини кўрсатишингиз, АҚШдаги қариндош ёки танишларингизнинг сизга юборган иш таклиф хатларини кўрсатишингиз лозим бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг