Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижонда депутатлар тинтув қилинди ва бу – ҳаммаси эмас...

Андижонда депутатлар тинтув қилинди ва бу – ҳаммаси эмас...

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказилибди. Бунда депутат дахлсизлигига амал қилинмаган, деб хабар бермоқда депутат Расул Кушербаев.

«Ушбу сессияда Андижонда ер сотувчиларнинг кирдикорларини фош қилиб юрган депутатни прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишибди.

Катта эҳтимол билан  депутатларни дахлсизлик ҳуқуқигаям тупуриб тинтув ўтказишга топшириқ берганлар ер сотиш ишларига дахлдор ва депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб қамашга иштиёқманд «ўша» шахслар бўлиши керак.

Ноқонуний тинтув ўтказилишига келганда тақдимнома киритган қонун ҳимоячиси прокурорни кўзи қаерда қолди, деган савол очиқ қолаяпти», деб ёзади Олий Мажлис депутати.

Ҳуқуқшунос Сайдали Мухторалиевнинг ёзишича, ҳодиса 2021 йил 17 май куни содир бўлган.

«Сессия кун тартибига ягона масала ҳокимнинг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутатни дахлсизлик ҳуқуқдан маҳрум қилиш эди», қайд этади ҳуқуқшунос.

Айтилишича, сессия кун тартибидаги масала «муҳокамаси» ўша аттестациядан ўтилиши талаб қилинган Aндижон шаҳар прокурори томонидан киритилган 2021 йил 6 майдаги тақдимнома бўлган.

Шаҳар прокурорининг тақдимномасида ижтимоий тармоқларда Бош прокурордан Aндижондаги «Ер сотиш синдроми» юзасидан текшириш ўтказишни, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига нисбатан зид қарор қабул қилаётган масъулларга жавобгарлик масаласини кўриб чиқишни сўраган шаҳар Кенгаши депутати Ш.Каримовни даҳлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масалани дарҳол кўриб чиқиш сўралган.

Сайдали Мухторалиевга кўра, сессия ўтказилиши тартиби ҳам амалдаги қонунларга зидлигини билиб турган (балки тааллуқли қонун нормаларини умуман БИЛМАГАН) кўпчилик депутатлар Андижон шаҳар ҳокими бошчилигида Халқ манфаатлари учун курашган ДЕПУТАТНИ даҳлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишган.

«Қуйидаги асосларга кўра бугунги бўлиб ўтган сессия ноқонуний деб ҳисоблайман.

  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 154-II-сонли қарори билан тасдиқланган «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти»нинг 11-моддасидага зид тарзда прокурор тақдимномаси дастлаб «Регламент ва депутатлик одоби» масалалари бўйича доимий комиссия томонидан кўриб чиқилмади.
  • 12-моддасига зид тарзда Кенгаш депутатларига танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар тақдим эътилмади. Сессия очиқ ошкора ўтказилмади ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳокимлик мажлислар залига киритилмади.

Ўз ўрнида савол туғилади: Ўзбекистонда Сессия кун тартибида қонун бузилиши ҳолатлари қачонгача давом этаверади?», деб ёзади ҳуқуқшунос.

Ушбу ҳолат юзасидан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевага мурожат қилиниб, «наҳотки шаҳар Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Мамлакатимиз Президенти Фармон ва қарорлари, Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига зид бўлган қарорларни қабул қилаётган масъулларга нисбатан ҳеч қандай муносабат билдирилмаса ёки уларга чоралар кўрилмаса?» — дея савол ўртага қўйилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг