Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Андижонлик аёл нега ўзи ва икки фарзандини каналга ташлади?

Андижонлик аёл нега ўзи ва икки фарзандини каналга ташлади?

Фото: «UzNews.uz»

Кейинги пайтларда интернет сайтларини очишдан ёки ижтимоий тармоқларни кузатишдан юрак ҳовучлайдиган бўлиб қолдик. Қотиллик, даҳшатли фалокат ёки ақл бовар қилмас аҳмоқлик...

Яқинда Андижонда бўлган воқеа ҳам аянчлилиги билан кўпларнинг эътиборини тортди.

Бош прокуратуранинг матбуот хизмати хабар беришича, 2018 йил 25 июнь куни соат 10-30 ларда 27 яшар А. белига арқон билан икки фарзандини (7 яшар қиз ва 3 яшар ўғил) боғлаб, ўзини Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳудудидан оқиб ўтган Шаҳрихонсой каналига ташлаган. Уларни фуқаро Б. ва бошқалар сувдан чиқариб олган. Аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинган, лекин вояга етмаган фарзандлари М. ва Ш. воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан А.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида сайтимизда хабар берган эдик.

Хабарни ўқиб юрагингиз увишади, норасидаларга раҳмингиз келади. Онани ўзининг ва икки жигаргўшасининг жонига қасд қилишга нима мажбур қилди экан деган савол ўйлантиради.

Вазиятни ўрганишга киришдик. Аммо тергов ҳаракатлари якунланмагани боис терговчилардан бу иш бўйича бирор маълумот ололмадик. Фақат аёл руҳан соғлом, унда хасталик аломатлари йўқ эканлиги тасдиқланди.

— Ҳалокат содир бўлган куни бир гуруҳ раҳбарлар билан фуқаро А.нинг ота уйига бордик. Очиғини айтганда, ундан ҳеч ким бундай ишни кутмаганди, — дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Малика Юсупова. — А.нинг ҳаётига маҳалла-кўй ҳам, қариндош-уруғлар ҳам ҳеч қачон бефарқ бўлишмаган. Ҳатто ажрим остонасида турган эри билан яраштиришга ҳам бир неча бор уринишган, аммо А. буни истамаган.

Бизга етказилган маълумотларга кўра А. бир йилдан буён ота уйида икки фарзанди билан яшаб келган. Аммо кўрсатилаётган сабаблар ҳеч қачон ажрим учун арзирли сабаб деб топилмаган.

Бир муддат аввал А.нинг отаси маҳалла раиси ва ака-укалари билан гаплашиб, куёвини суҳбатга тортишди. Руҳан соғлом, давлат корхонасида ишлайдиган, обрўли куёв икки фарзандини етим қилмаслик учун яна аёли билан яшай бошлайди. Аммо А. кўп ўтмай тағин қандайдир сабабларни рўкач қилиб, ота уйига қайтиб келади.

— Биз А.нинг ота уйида ҳам, келин бўлиб тушган хонадонида ҳам бўлдик. Иккиси ҳам обрў-эътиборли, ўзига тўқ, мол-ҳоли, катта таморқаси бор оилалар экан. А.нинг нега бундай ишга қўл ургани эса тушунарсиз ҳолат. Ўғлининг даун синдроми билан туғилганини айтмаса, уни қийнайдиган муаммо ҳам, дард ҳам кўринмайди. Афсуски, ўйламай қилинган иш туфайли икки фарзанд қурбон бўлди. А. эса виждон азобида қолди, — дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Малика Юсупова.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Наргиза Муродова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг