Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андрей Кубатиннинг опаси укаси ўлимида кимнидир қўли бор деб ҳисоблайди

Андрей Кубатиннинг опаси укаси ўлимида кимнидир қўли бор деб ҳисоблайди

Андрей Кубатин ўлимидан бир неча кун олдин Зангиота туманидаги касалхонада.

Фото: Газета.uz

Коронавирусдан вафот этган шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова укасининг ўлими жуда ғалати бўлгани, бунда кимнидир қўли борлигидан гумонда эканини билдирди.

«Газета.uz»га берган интервьюсида у шундай дейди:

«Унинг ўлими жуда ғалати. Бунда кимнидир қўли борлиги албатта, менинг шахсий фикрим. Ҳа, [буни исботлаш қийин]. Унда ковид тасдиқланди, аммо менда ўпканинг 5−10% зарарлангани тўғрисида МСКТ бор. Биз уни Зангиотага олиб келдик. Учинчи куни у ўзини ёмон ҳис қилди, зарарланиш 50%дан ошди. Жанжалдан кейин у реанимацияга ўтказилди. Биз қимматбаҳо дориларни сотиб олдик. Гап пулда эмас, ёрдам берганида эди…

У тузала бошлади, 20 октябргача ҳаммаси яхши эди. У икки кундан кейин ниқоби олиб ташланишини айтди. 20-куни эса тунги смена ўзгарди. Ўша кундан бошлаб унинг соғлиғи ёмонлаша бошлади, ёмонлашаверди, ёмонлашаверди. Шифокорлардан унинг ўлиши муқаррарлигидан ташқари ҳеч нима эшитмадик. 27 октябрь куни мен кун бўйи у ерда эдим. Улар менга костюм беришди, ярим соатга рухсат беришиб, унутишди. Кечгача у билан бирга бўлдим ва ундан кўп маълумот олдим. У гапирарди. Кетишдан олдин дори бериш учун жовончани очдим. Барча дорилар ишлатилмаган ҳолда ётарди. Улар унга биргина трамадолни суюқ ҳолда беришган, чунки унда ваҳима хуружи бўлган».

Шунингдек, Клара Сахарова укасининг ноҳақ қамалгани учун талаб қилинган 560 миллион сўм ўрнига 462 минг сўм миқдоридаги моддий товон пули тўғрисидаги суд қароридан норози бўлиб, шикоят аризаси ёзмоқчилигини билдирган.

Олим ҳали ҳаётлигида Ўзбекистон ҳарбий судига 560 миллион сўм миқдорида моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 10 декабрь куни Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова почта орқали суд қарорини олган, унга кўра товон пули 462 минг сўмни ташкил этади, шундан 446 минг сўм давлат божи тўлови учун, 16 минг сўм почта хизмати учун сақлаб қолинган. Клара Сахарова суд қарори устидан апелляция берган ва маънавий зарар қопланиши учун ҳужжатлар тайёрламоқда.

«Мен суд қарори устидан шикоят қиламан [моддий зарар бўйича]. Энди буни қилишга мажбурман. Унинг боласи етим қолди. Уни катта қилиш керак, оёққа турғазиш керак. Мен тўрт кун олдин ҳарбий судга апелляция шикояти билан мурожаат қилдим. Эртага мен маънавий зарар учун ҳам ҳужжатлар тўпламини тайёрлайман.

Мен тўхтамайман. Укамни қаматган одамлар жавоб беришлари керак. Бугун улар буни менинг укамга, эртага бошқасига қилишади. Бировнинг онаси йиғлашини, кимнингдир хотини бева қолишини, болалари етим бўлишини истамайман», - дейди Клара Сахарова.

Эслатиб ўтамиз, тарихчи олим, туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи Андрей Кубатин октябрь ойи охирларида вафот этганди.

Унинг ҳамкасби ёш олим пандемия қурбони бўлганини айтганди.

Қийин кунларни бошидан ўтказган олим 2017 йилда Жиноят кодексининг 157-моддаси, яъни давлатга хоинлик қилишда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Бунга бир кишининг ҳуқуқ-тартибот органларига йўллаган туҳмат хати сабаб бўлган.

Олим ўзининг айбсизлигини исботлаш учун 2,5 йил курашади. Ниҳоят, 2019 йил 26 сентябрда А.Кубатин Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди аппеляция инстанциясида реабилитация қилинади ва суд залидан озодликка чиқарилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг