Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аномал совуқнинг аномал шеърлари ва аномал тез айтишлари — Нўноқ сураткаш, чўп терган «жиноятчи»лар, айтингчи: ўқишми, ўқишмасми?

Аномал совуқнинг аномал шеърлари ва аномал тез айтишлари — Нўноқ сураткаш, чўп терган «жиноятчи»лар, айтингчи: ўқишми, ўқишмасми?

Юртимизда янги йил ўзига хос тарзда бошланди... Ҳеч кутилмаганда, яна қаҳратон қишда аномал совуқ кириб келди. Аномал совуқ, аномал совуқ деган бир-биридан «қалтиратадиган» хабарлар кўпчиликни шошириб қўйди. Худди ёзнинг чилласида қаҳратон қиш бошланиб қолаётгандек  ҳамма бир этикка оёғини тиққан...

Иссиқми иссиқмасми?

Қай бир вилоятнинг ҳокими ўзи мажлис чақириб яна ходимларини қор курашга ҳайдаган, яна бир туманнинг ҳокими ҳали тармоққа уланмаган «иссиққина» трубани ушлаб ширингина, мастона жилмайиб турибди-да.  «Мана бизда ҳам иситиш тизимлари бор, мана биз ҳам ишлаяпмиз, шароит яратиб бераяпмиз, болажонлар ёки ишчилар иссиққина хоналарда ўтирибди», демоқчийди... аксига олиб суратчи ишнинг белига тепиб, кадрни «муваффақиятли» ололмади. Ўша иситиш тизимига уланмаган труба тушиб қолган жойини суратчи кесиб ташлагандаку ҳокимбованинг иши беш, чип-чиройли тургандикуя. Яқинда ҳайфсан олган Шовот ҳокими бир мартагина расмга тушиб «ишлаётган»ини кўрсатмоқчийди? буям ўхшамади. Ижтимоий тармоқдагиларга баҳона топилмасин... бири трубаларни виртуал улаб берамиз деб сурат қўйди, яна бир ҳамюртимиз сураткашни айблади, ўша уланмаган жойини қирқиб пиар қилса ҳам бўлардику, деган мазмунда.

Бу аномал совуқ шоирларнинг ҳам дил дафтарини очгани бор гап. Абдураҳмон Мешаян деган facebook фойдаланувчиси ҳатто ҳокимбувага атаб шеър ёзибди:

Ҳокимбува

Кимки расмингиз олибди,

Писмиқмикан ҳокимбува?

«Тармоқ» уланмай қолибди,

Иссиқмикан ҳокимбува?

Отмаяпмиз туҳмат тоши,

Халқнинг тугади бардоши.

Ёлғондакам мақтов оши—

Тансиқмикан ҳокимбува?

Қиш совуқдир, қишдир ёвуз,

Музлаб қолган бунда ҳовуз.

Лек балиқнинг боши ҳануз—

Бадбўймикан ҳокимбува?

Кулиб узилди очиғи—

Чиланганларнинг ичаги,

Расм бугун ё кечаги,

«Фейкмасмикан» ҳокимбува?

Ўтинчи болалар жиноятчими? 

Албатта аномал совуқ қишлоқлар учун ўз таъсирини, захини, заҳматини кўрсатмасдан қолмайди. Сурхондарёда қуриган шох-шаббаларни терган болаларни «жиноятчи»га чиқариб йиғлатган видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳам ғазабини, ҳам раҳмини келтирди. Ва бунга ҳам шоирларимиз жим қараб туролмади, истеъдодли шоир Насрулло Эргаш «Ўтинчи болалар» шеърини ёзди:

ЎТИНЧИ БОЛАЛАР

Кесилди алп чинорлар,

Ким билди, ким билмади.

Саксовулзор бағрида

Болаларинг йиғлади!

 

Кўриб қўй, она халқим!

Ким кулган, йиғлаган ким?!

Билмай айбин нелигин

Болаларинг йиғлади!

 

Бир қалқиб кетди овул,

Чўлда бўри увлади.

Териб юрган саксовул

Болаларинг йиғлади!

 

Халқим, мен ҳам болангман,

Сўз терган тунлар ярим.

Гоҳ дардим шеърга солсам,

Уришгай акаларим.

 

Болаларим, йиғламанг,

Ҳали бир кун куласиз.

Бир кун келар ватаннинг

Сизлар зўри бўласиз.

 

Кун келар турк тупроғин

Бузгайдир наъраларинг!

Ўшанда сиздан узр

Сўрайди акаларинг!..

Ўқишми, ўқишмасми?

Ҳафта бошланишиданоқ энг трендга чиққан мавзу бу ўқувчилар таътили қачон тугатиши ҳақидаги мавзу бўлди.

Ўзи аслида мактабларда қишки таътил 11 январгача белгиланганди, бироқ Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди.

Гарчи таътилни узайтириш ҳақида қарор эълон қилинганида прогноз қилинган аномал совуқ об-ҳаво ўзгаришсиз қолган бўлсада, нимагадир бирданига турли хабарлар оқими тўхтамади: яъни болалар 11 январдан ўқишга боришлари эълон қилингани ҳақида. Шундай қилиб ўқиш бошланиши, бошланмаслиги ҳақида бир нечта қарорлар чиқиб кетди. Охири ваколат ҳокимликларга берилгани эълон қилинди. Тиниб тинчимаган мутасаддилар, давлат идоралари, ҳокимликлар нималарни ўйлаб топишмайдия... Нафақат улар, балки тиниб-тинчимаган ижодкор одамларимиз мана бундай тез айтишларни ҳам тўқиб ташлашди:

Ўқишмиш, ўқишмасмиш,

Қишда ўқиш бўлмасмиш,

Ўқиш бўлса қишмасмиш,

Ўқишга борганларга

Совуқ таъсир қилмасмиш.

Қарорни ўзгартириш

Вазирликка ишмасмиш,

Ўқишми ўқишмасми,

Вазир ўзи билмасмиш...

Ёки «Узайтирилган таътилнинг бекор қилинишининг бекор қилиниши бекор  бўлдими».

Ҳафтанинг энди яримига келдик, аномал совуқ келгуси ҳафтагача давом этади. Айтинг, айтинг энди ҳоким боваларимиз иситиш тармоғига уланмаган трубани ушлаб мастона жилмайганларича бизга савол назари билан қарамасинлар: иссиқми, иссиқмасми?

Бизга ўхшаган одамлар мана бундай шеър тўқиб юрмасинлар:

Сиз ушлаган қувурлар

Бузуқми, бузуқмасми

Хоналар ҳокимбобо

Иссиқми, иссиқмасми...

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг