Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Apple», «Google», «Facebook» каби техногигантлар фазони қандай ўзлаштиришяпти?

«Apple», «Google», «Facebook» каби техногигантлар фазони қандай ўзлаштиришяпти?

Фото: «24Gadget.ru»

«Apple», «Google», «Facebook» ва ҳоказо корпорациялар кўкка умид билан боқишмоқда. Албатта «олма пиш, оғзимга туш» деган умидда эмас. Ер усти ва ости, уммонлар туби эгаллаб бўлинган, сайёрамизнинг қолган аҳолисини интернетга улаш учун чинакам кураш энди фазода кечади дегани бу.

Ўртада фақат мавқе ё ижтимоий миссия кўндаланг тургани йўқ. Катта пул ҳақида гап кетяпти. «Яна бир неча миллиард инсонни телефонга, интернетга уласак қанча пул келтиради?» — бу савол гигант корпорацияларга уйқу бермаётгани рост.

«Apple». Ҳали биринчи «iPhone» чиқмасидан туриб Стив Жобс ўз симсиз тармоғини барпо этиш имкониятларини чамалаганди. Орадан кўп йил ўтиб кетди, «Bloomberg» агентлиги ёзишича, 2017 йили «Apple» компанияси «Google»нинг она компанияси — «Alphabet»нинг собиқ ходимларидан йўлдошли интернет билан шуғулланувчи гуруҳ ташкил қилган.

«Facebook». Жаҳондаги энг йирик ушбу ижтимоий тармоқ «Internet.org» лойиҳаси билан банд. Учувчисиз бошқариладиган интернет тарқатувчи лазерли қурилмалар воситасида, телеком-операторлар билан ҳамкорликда, хуллас, интернетни ҳаммаёққа етказиш учун барча чораларни кўряпти. Цукерберг компанияси йўлдошли алоқа ўрнатишга ҳам уринмоқда. Ҳатто 2016 йили «SpaceX» билан бир пайтда ўз ракеталарини учиришга ҳам ҳаракат қилишди. Аммо... ракета ва йўлдош старт майдончасининг ўзидаёқ портлаб кетди. «Facebook» учувчисиз интернет лойиҳасини ёпганига бир ойдан ошиб қолди. Аммо компания таслим бўлмоқчи эмас: ҳеч бўлмаганда французларнинг «Eutelsat» корпорацияси билан ҳамкорликни давом эттирмоқчи.

«SpaceX». Элон Маск бутун Ер аҳолисини барқарор интернет билан таъминловчи 4500та  йўлдошни қуйи орбитага олиб чиқмоқчи. Бу йил у «Falcon 9» ракетасини «Microsat-2a» ҳамда «Microsat-2b» йўлдошлари билан учириб кўрди. Бу умумий қиймати 10 миллиард долларлик «Starlink» лойиҳасига киришишда дастлабки қадам бўлди. Маск шу тарзда 2025 йилгача 30 млрд. доллар даромад келтирувчи 40 млн. абонентга эга бўлмоқчи.

«SoftBank». Орбитани ракета билан ишғол қилишга ёлғиз Маск уринаётгани йўқ. Япониянинг «SoftBank» компанияси молиялаштираётган «OneWeb» лойиҳаси унга муносиб рақиб сифатида кўрилмоқда. Камига ўрта орбитада «SES» компаниясига тегишли «O3b» («Other 3 Billion») лойиҳаси йўлдошлари парвоз қилиб юрибди.

Нега ҳамма ўз йўлдошларини Ерга яқинроқ жойлаштириш пайида?

Биринчидан, ҳозир аксарият интернет-йўлдошлар ишлаётган геостационар орбита ўта тиғизлашиб кетган, яъни сунъий йўлдошлар сони жуда кўп.

Иккинчидан, сайёра юзасидан узоқда жойлашув (35 786 км.) туфайли бир томонга сигнал 250 миллисекунддан кўп вақтда етиб боради. Ҳатто мегабитлардаги жуда юқори тезлик ҳисобига ҳам бу кетаётган вақтни қисқартиришнинг техник жиҳатдан асло иложи йўқ. Солиштирадиган бўлсак, масалан, 4G-тармоқларда сигналнинг ушланиб қолиши нари борса  бир неча ўн миллисекундга етади.

Ечим. Бу муаммонинг ечими айнан қуйи ва ўрта орбита йўлдошлари бўлиши кутиляпти. Маск ҳар бир абонетга 1 Гбит/сониядан тезлик ваъда қиляпти. Сигналнинг тутилиб қолиши ўн мартагача камаяди. Аммо бу ерда бошқа бир муаммо кўндаланг — йўлдош қурилмалар қанча вақтгача ишлаб беради? Муқобил йўлдош атмосферанинг қуйи қатлами бўйлаб ҳаракатланганида ҳавога ишқаланиш туфайли тобора пасайиб боради ва ерга қулаб тушиш эҳтимоли ошаверади. Кўриниб турибдики, буларнинг хизмат муддати геостационар йўлдошлариникидан камроқ бўлади. Яна бир қийин масала: яратилажак тармоқдаги барча йўлдошларнинг уйғунликда ишлаши ва бир хил баландликда туришини таъминлаш осон кечмайди.

«Олтин оралиқ»

«Жой талашиш» фақат орбитада кечаётгани йўқ. Стратосферанинг 25-километрида — самолётлар етиб бормайдиган баландлик учун мўлжалланаётган  «пастроқ лойиҳалар» ҳам бор.

Охирги ўн йилларда қуёш батареяларида ҳаракатланувчи ўта баландликда учувчи самолётлар ҳамда ҳаво шарларида интернет тарқатиш ғояси технология компанияларини қизиқтириб қўйди. Масалан, «Airbus» («Zephyr» енгил самолётлари), «Stratobus» дирижаблларини ва «Google»нинг бориш қийин жойларда 4G сигнал тарқатишга кўмаклашувчи «Loon» ҳаво шарларини олайлик. Шулардан охирги лойиҳанинг моҳиятига тўхталсак, ҳаво шарлари нисбатан узоқ вақт парвоз қилади: четдан техник кўмаксиз 100 кунгача ишлаб туради. Энди компания шарларни ҳавода янаям кўпроқ вақт ушлаб туриш чорасини излаяпти.

Хуллас, бу ерда ҳам рақобат ўта кучли, «Facebook» компанияси «Aquila» стратосфера самолётлари лойиҳасини тўхтатиб, бу ерда ҳам «ўйин»дан чиқиб кетди. Аммо асло компания стратосферада ва йўлдошли технологиялар йўналишида ҳаракатланишдан тўхтади деган хаёлга борманг

«Google»нинг йўлдошлар туркуми

Интернет-қидирув гиганти сайёрамизни интернет билан қоплашнинг яна бир усули устида бош қотиряпти. Чиндан ҳам ғоя қизиқ: 1000дан зиёд йўлдошлар ва ер усти станцияларидан иборат глобал тизим яратилади.

Бу лойиҳада космосга икки гуруҳ йўлдошларни олиб чиқиш кўзда тутилган:

  • Биринчи гуруҳ: оз сонли, бироқ Ердан узоқроқ жойлаштириладиган йўлдошлар. Йўлдош қанча баландда бўлса унинг қамров ҳудуди шунча кенгаяди.
  • Иккинчи гуруҳ: кўп сонли йўлдошлар Ерга яқинроқ масофада жойлаштирилади. Улар тизимнинг катта ўтказувчанлик қобилиятини таъминлайди.

Ҳар бир гуруҳ йўлдошлари Ер экваторига нисбатан 0 дан 90 даражагача оғиш бурчагига эга бўлади. Шу тарзда бу тизим сайёрамизнинг қарийб 75 фоиз ҳудудини қамраб олади, фақат қутб минтақаларига тизим сигналлари етиб бормайди.

Йўлдошлар туркуми ҳам ҳарбий, ҳам тинчлик мақсадларида, алоқа, навигация, тадқиқотлар учун ишлатилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг