Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Афғонистондаги қўшинларини Марказий Осиё давлатларига жойлаштирмоқчи

АҚШ Афғонистондаги қўшинларини Марказий Осиё давлатларига жойлаштирмоқчи

ФОТО: «Associated press»

The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Америка Қўшма Штатлари Афғонистондан чиқараётган қўшинларини Марказий Осиё мамлакатларига қайта жойлаштириши мумкин. Аммо ҳозирча тегишли келишувлар мавжуд эмас.

Газетада ёзилишича, АҚШ Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ва Толибон радикал ҳаракати жангариларини ушлаб туриш учун нафақат ҳарбийларни, балки учувчисиз самолётлар, бомбардимончи самолётлар ва артиллерияни ҳам жойлаштириш учун янги базаларга муҳтож.

АҚШ ҳукумати ва Мудофаа вазирлиги вакиллари, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, Форс кўрфази давлатлари, шунингдек, денгиз флотининг алоҳида кемаларига келажакда қўшинларни жойлаштириш учун мумкин бўлган жой сифатида қарамоқда.

Бир қатор ҳарбий хизматчилар ва АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти вакиллари қўшинларни Ўзбекистон ва Тожикистонга жойлаштириш энг яхши ечим бўлади, деб ҳисоблашади.

«Ушбу мамлакатлар Афғонистон билан чегарадош бўлиб, бу тез орада Яқин Шарқ давлатига етиб боришга имкон беради. Бироқ улар Россиянинг минтақадаги «катта ҳарбий иштироки» ва Хитойнинг кучайиб бораётган таъсири туфайли бу икки мамлакатда ўз қўшинларини жойлаштириш қийин деб ҳисоблашади», деб ёзади газета.

Аввалроқ The Wall Street Journal АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари Америка томонидан Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетишни илтимос қилганлиги ҳақида ёзган эди.

Бунгача АҚШ президенти Жо Байден Америка Қўшма Штатлари Афғонистондаги миссиясини якунлаганини ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини айтган эди.

2020 йилда Қўшма Штатлар ва Афғонистоннинг «Толибон» радикал ҳаракати 18 йилдан ортиқ уруш давомида биринчи марта тинчлик шартномасини имзоладилар. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари 1 майга қадар Афғонистонни тарк этиши керак эди.

Кейинчалик АҚШнинг янги президенти Жо Байден маъмурияти Толибон билан тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқиш нияти борлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Американинг Афғонистондаги ҳарбий операцияси 2001 йил 11 сентябрдаги терактга жавобан бошланган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг