АҚШ Фаластин президентига БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун виза беришдан бош тортди
АҚШ Фаластин президенти Маҳмуд Аббосга келаси ҳафта бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясида қатнашиш учун зарур бўлган визани беришдан бош тортди.
The Times of Israel хабар беришича, Маҳмуд Аббос кетма-кет иккинчи йил БМТ Бош ассамблеясидаги нутқини видеоконференция орқали йўллашига тўғри келади.
Президентдан ташқари, БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун АҚШга боришни режалаштирган бошқа фаластинлик расмийларга ҳам виза берилмаган.
Фаластинлик расмийлардан бири унга виза беришдан бош тортилишига АҚШ қонунчилигидаги 212(a)(3)(B) моддаси сабаб бўлганини маълум қилган. Ушбу норма «қачондир террорчилик фаолияти билан шуғулланган ёки террорчилик ташкилоти билан алоқадор бўлган» шахсларга виза беришни тақиқлайди.
Бироқ Аббоснинг виза аризасини рад этишда айнан ушбу модда асос қилиб кўрсатилган ёки кўрсатилмаганига аниқлик киритилмаган.
Маҳмуд Аббос келаси ҳафта Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясида ўтган йилги каби видеомулоқот орқали нутқ сўзлаши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter