Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Автомобилсиз кун» акцияси қайси кунлари ўтказилиши аниқ бўлди

«Автомобилсиз кун» акцияси қайси кунлари ўтказилиши аниқ бўлди

Фото: Xabar.uz

Энди Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни «Автомобилсиз кун» сифатида ўтказилади. Бу Ўзбекистон Президентининг жорий йил 21 февралдаги 37-сон Фармонига асосан амалга оширилади.

Автомобилсиз ҳаракатланишни тарғиб қилишдан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, катта шаҳарларда автомобиль тирбандлигини камайтириш, жамоат транспорти тизимини ривожлаштириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи эканлигини таъкидлашдир.

«Бутунжаҳон автомобилсиз куни» (World Carfree Day) ҳар йили 22 сентябрда дунёнинг 50 га яқин мамлакатидаги 2 мингдан ортиқ шаҳар, жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари, Япония, Бразилия, Канада каби давлатларнинг пойтахт ва йирик шаҳарларида ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга, Франция (Париж), Индонезия (Жакарта) ва Руанда (Кигали) каби мамлакатларнинг пойтахтларида «автомобилсиз кун» тадбири мунтазам равишда ташкил этилади.

Тошкент шаҳрида давлат идоралари раҳбарлари ва ходимларининг жамоат транспортидан фойдаланиши орқали ойда бир кун давомида шаҳарда юрадиган автотранспорт воситалари сони ўртача 200 минг (22-25 фоиз)га камаяди. Натижада атмосфера ҳавосига автомобиллардан зарарли ташламалар ҳам 22-25 фоизга (ўртача 580 тоннага) қисқаради ҳамда шаҳар ичидаги тирбандликлар камайишига эришилади.

Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари иш жойига жамоат транспортида келиши орқали намуна кўрсатиб боради. Табиийки, Экология вазирлиги раҳбарияти ва ходимлари ҳам.

Бу 2024 йилнинг 24 апрель, 22 май, 26 июнь, 24 июль, 28 август, 25-центябр, 23 октябрь, 27 ноябрь ва 25 декабрь кунларига тўғри келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг