Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бангладеш муҳим талаб билан чиқди

Бангладеш муҳим талаб билан чиқди

Бангладешдаги роҳинжа қочқинлари.

Фото: AFP

Мянмадан зўравонлик йўли билан чиқариб юборилган 1,5 миллион нафардан зиёд роҳинжа қавми ватанига қайтарилиши керак ва бу йўлда дунё ҳамжамияти жонбозлик кўрсатиши лозим. Ушбу талаб Бангладеш ички ишлар вазири Салоҳиддин Аҳмад томонидан илгари сурилди.

«Инқирозни фақат роҳинжа қавмини фуқаролик ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва хавфсизлигини  таъминлаган ҳолда Мянмага қайтариш йўли билан ҳал этиш мумкин», — деб баёнот берган Бангладеш вазири Буюк Британия парламенти вакиллари билан Дакка шаҳридаги учрашувда. 

Томонлар роҳинжа аҳолиси муаммосини ҳал этиш ва БМТнинг Халқаро судида ушбу масала бўйича кўрилаётган маҳкама ишини муҳокама қилган.

Музокара пайти ушбу масалада халқаро ҳамжамият янада фаол бўлиши лозимлиги таъкидланган.

Мянманинг Ракхайн штатида яшаб келган, ўзига хос тил ва маданиятга эга бўлган роҳинжа мусулмонларини таъқиб этиш мамлакат Буюк Британиядан мустақиллик эълон қилган 1948 йилданоқ бошланган. Давлат тўнтариши билан ҳокимиятга келган ҳарбий хунталар бир неча бор роҳинжа мусулмонларига қарши таъқиб амалиётлари ва оммавий ҳибс тадбирларини ўтказган.

Мянмада 1982 йилда қабул қилинган фуқаролик тўғрисидаги қонунга кўра, мамлакатда яшовчи 135 миллат вакиллари фуқаро сифатида тан олингани ҳолда, роҳинжа мусулмонлари бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинган.

Мянма ҳукуматининг таъқиб ва тазйиқ сиёсати туфайли сўнгги ўнйилликларда юз минглаб роҳинжа қавми қўшни мамлакатларга қочишга мажбур бўлган.

Сўнгги марта 2017 йил август ойида ўтказилган “этник тозалаш”дан кейин Мянмадан Бангладешга қочиб ўтган роҳинжа мусулмонлари сони 900 мингдан ошган. Айни пайтда Ракхайн штатида 630 мингга яқин роҳинжа халқи апартеид шароитида яшаётгани айтилади.

Бангладешдаги қочқинлар сони эса 1,5 миллион нафарга етган.

Бангладеш ички ишлар вазири Салоҳиддин Аҳмад БМТнинг махсус маърузачиси Келли Карри билан учрашувда ҳам АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Ҳиндистон каби нуфузли халқаро кучлар роҳинжа муаммосига эътибор қаратиши зарурлигини қайд этган. Унга кўра, кўп сонли қочқинлар жамоаси мамлакат иқтисодиётига юкламани кўпайтирмоқда.

БМТ роҳинжа мусулмонлари ҳалигача таъқиб ва тазйиқ муҳитида, оғир аҳволда яшаётгани ҳақида бонг уриб келади.

Халқаро ташкилотлар роҳинжа қавмига нисбатан содир этилаётган зулм-зўравонликларни этник тозалаш ва геноцид деб ҳисоблайди.

АҚШ ҳам ушбу зўравонликларни геноцид деб тан олган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг