Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бобомурод Абдуллаев ўзини қийноққа солган МХХ ходимларига қарши жиноий иш очишни сўраган

Бобомурод Абдуллаев ўзини қийноққа солган МХХ ходимларига қарши жиноий иш очишни сўраган

Фото: Газета.uz

Бугун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Суд жараёнида адвокат Сергей Майоров судланувчи Бобомурод Абдуллаевга нисбатан суд-тиббий экспертизасини тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритди ва ушбу илтимоснома тегишли тартибда суд томонидан қаноатлантирилди.

Сергей Майоровнинг «Газета.uz»га хабар қилишича, у 2017 йил 27 сентябрда қўлга олинган Бобомурод Абдуллаев билан Миллий хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида икки марта учрашган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, МХХ ходимлари бир неча марта уни қийноққа солиб, уришган, тан жароҳатларини етказишган, жисмоний ва руҳий зўравонлик қўллаб, у содир этмаган жиноятларни амалга оширганини тан олишга мажбурланган, ҳатто бошқа шахсларга нисбатан ёлғон кўрсатмалар беришга эришишган. Ушбу тафсилотлар Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевга юборилган аризада кўрсатиб ўтилган.

«Аризада уни уриб, қийноққа солган МХХ ходимлари исм-шарифлари келтирилган. Ва у (Бобомурод Абдуллаев — «Газета.uz» таҳрири.) шу муносабат билан уларга нисбатан жиноий иш очишни сўраган. Уни қийнашган, бироқ 27 сентябрдан 5 ноябргача. Шундан сўнг уни қийноққа солишмаган… Бугунги мажлисда улар иш материалларига қўшиш учун мазкур аризани қабул қилиш тўғрисидаги даъвоимни қондиришди», — деди у.

Бобомурод Абдуллаевнинг асосан чап қўлида гематома ва шилиниш кўринишидаги қийноқ асоратлари сақланиб қолган. «У ерда кўкариш эмас, гематомалар бор. У нима учун чап қўлида эканига ойдинлик киритди: уни ўнг қўлидан кишанлаб, чап қўлига уришган ва «ҳужжатларга қўл қўйишинг учун ўнг қўлинг бизга керак», дейишган», — деди адвокат.

Сергей Майоровнинг қайд этишича, унинг ҳимояси остидаги шахсга олти сутка давомида ўтириш, ётиш ва ухлашга қўйишмаган. «Унинг умуртқаси билан катта муаммоси бор. У эгилган ҳолда ўтиради, у тўғри ўтира олмайди. Мен судья қароридан шикоят қилмоқчиман, чунки у менинг умуртқа тўғрисидаги мурожаатимни ҳисобга олмади», — дея таъкидлади ҳимоячи.

Судьялар тан жароҳатлари, уларнинг характери ва оғирлигини аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертизасини тайинлади. «Суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши билан бизга келгуси мажлис тўғрисида хабар қилишади», — дея маълум қилди Сергей Майоров.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг