Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода 20 дан ортиқ эркакка ОИТС юқтирган қиз уч йилга қамалди

Бухорода 20 дан ортиқ эркакка ОИТС юқтирган қиз уч йилга қамалди

Иллюстратив фото

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида йигирмадан ортиқ эркакка қасддан ОИТС касаллигини юқтирган қиз уч йилга қамалди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди масъули маълум қилди.

Таъкидланишича, 2002 йилда Ғиждувон туманида туғилган фуқаро М.Р. мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ енгил-елпи турмуш тарзида бўлган. 11-синфни тугатгач, оиласидагилар билан ўзаро жанжаллашиб, ўрталарида келишмовчилик юзага келган ва М.Р. уйдан сўроқсиз чиқиб кетган. У шу чиқиб кетганича туман марказидаги тунги клублардан бирига ишга кирган. Орадан ўтган икки йил давомида яқинлари унинг хатти-ҳаракатларига чек қўйиш ва ортга қайтариш учун ҳеч қандай чора излашмаган.

«Олиб борилган суд-тергов ҳаракатлари давомида қизнинг тунги клуб ишларидан бўш вақтларида фоҳишалик билан шуғулланиб келгани аниқланди. Пала-партиш ҳаёт кечирган қиз шундай кунларнинг бирида соғлиғидан шикоят қилиб, туман касалхонасига боради. Касалхонада олиб борилган тиббий муолажалар давомида қизда ОИТС касаллиги мавжудлиги аниқланган», — деди суд масъули.

Ҳолатга кўра, М.Р.ни шифокорлар шу заҳотиёқ рўйхатга олишган ва мажбуриятлари ҳақида тушунтиришган. У ўзидаги инфекцияни бошқаларга юқтирса, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Бироқ, қиз ўзи танлаган йўлидан қолмаган. Арзимас пул эвазига эркаклар билан жинсий алоқага киришиб, шерикларидан касаллигини яшириб келган. Олиб борилган тергов-суриштирув ҳаракатлари давомида М.Р. йигирмадан ортиқ эркакка ОИТС касаллигини қасддан юқтиргани аниқланган.

Айбдор пул ишлаш учун ўз касаллигини бошқаларга қасддан юқтирганини тан олган.

Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми билан айбланган М.Р. уч йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг