Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода Италия университети филиали очилади

Бухорода Италия университети филиали очилади

Ўтган йилнинг апрель ойида Бухорода Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси томонидан қўшма лойиҳа асосида Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг (UniCampania) талабалар кампуси (филиали)ни ташкил этиш бўйича таклиф билдирилган эди.

Ушбу лойиҳага кўра, Бухоро муҳандислик технология институтида муҳандислик ҳамда архитектура ва қурилиш, Бухоро давлат тиббиёт институти негизида тиббиёт йўналишида қўшма таълим дастурлари ташкил этилиши билдирилган. Вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев ўзаро ҳамкорликни амалга оширишда вилоят раҳбарияти тайёр эканини таъкидлаган эди. Шу асосда, Италиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Луижи Ванвителли номидаги Кампания университети филиалини Бухорода ташкил этиш бўйича келишув меморандуми имзоланган.

«Биз яқинда Италиянинг мазкур университети бўлиб, йирик лойиҳаларни мўлжаллаб қайтгандик. Куни кеча эса институтимизга ушбу давлатнинг Кампания университети проректорлари Луиджи Маффеи ҳамда Серджио Минуччилар келишди. Мазкур университетнинг ўқув дастурлари асосида қурилиш, архитектура, кийимлар дизайни, олий ҳамширалик йўналишларида бакалавр ҳамда магистрлар тайёрлашга келишилди. Икки олийгоҳ ўртасида икки томонлама профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, турли илмий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди», – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев «Xabar.uz»га берган интервьюсида.

Билдирилишича, Кампания университети вакиллари Бухоро институтида яратилган шароит ва имкониятлар, тиббий техник воситалар, янги клиника ҳамда Симуляцион марказ имкониятлари билан яқиндан танишишган. Илгарироқ ҳамкорликда ташкил этилган Олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар билан мулоқотда бўлишган. Шундан сўнг Бухоро олийгоҳида мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда тиббиёт, фармацевтика ва турли тор мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилиниб, Бухорода Италия университети филиалини ташкил этишга келишилган.

«Келгусида Кампания университети мутахассислари Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари илмий лабораторияларини ҳам модернизация қилишга кўмаклашадиган бўлишди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабаларга PhD даражасини олиш учун грантлар ажратилади. Ҳамкорлик жозибадорлиги ўзбекистонлик профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун Италияга бориши ҳамда икки томонлама диплом асосида таҳсил олаётган талабаларнинг Кампания университетида ўқишини амалга ошириш ишлари билан бошлаб юборилади», – деди институт ректори.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг