Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наркология мансабдорлари салкам 550 миллион сўм пулларни талон-тарож қилди

Наркология мансабдорлари салкам 550 миллион сўм пулларни талон-тарож қилди

Фото: Xabar.uz

Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро вилоят филиали мансабдор шахсларининг 535 миллион 633,9 минг сўмлик бюждет маблағларини растрата йўли билан талон-тарож қилишганини аниқлади. Ҳуқуқ-тартибот органи масъулининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ушбу ҳолат терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланган.

Таъкидланишича, филиалнинг мансабдор шахслари 58 нафар тиббиёт ходимига рағбатлантириш пул тўловларини баҳолаш мезони бўйича «Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида»ги Низом талабларига зид равишда ҳисоблашган. Бу орқали 177 миллион 829,1 минг сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштиришган. Шунингдек, 2022-2023 йилларда жами 206 нафар ходимга 244 миллион 828,8 минг сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган пулларни қўшимча равишда ҳисоблаб тўлаб бериб, талон-тарожликка йўл қўйишган.

Бундан ташқари, 89 нафар бемор марказнинг пуллик хизматидан фойдаланган ҳолда ётиб даволаниб кетган бўлишса-да, мансабдорлар беморлардан олинган бу пулларни филиал хазинасига кирим қилишмаган. 26 миллион 910,0 минг сўмлик пул маблағларини «туя» қилишган.

Мансабдорлар ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, дори-дармон ва тиббий воситаларни ҳам харид қилишда кўзбўямачиликка йўл қўйишган. 86 миллион 066,0 минг сўмлик дори воситаларини қиммат нархларда сотиб олиб, ўзлаштиришган. Мансабдорларнинг ўз мавқеларидан фойдаланган ҳолда қилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари оқибатида жами 535 миллион 633,9  минг сўмлик бюждет маблағлари шахсий чўнтакларини бойитган.

Ҳуқуқтартибот органи масъули бу мансабдорларнинг хатти-ҳаракатида ўзганинг жуда кўп миқдордаги маблағларини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилишда ифодаланган жиноятлар мавжудлигини билдирмоқда.

Мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 3-қисми, «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ташкиллашириш учун ҳужжатлар Бухоро шаҳар прокуратурасига юборилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг