Чилининг йўқолиб қолган самолёти ҳалокатга учраган
Бортида 38 кишини олиб учган Чили ҳарбий самолёти билан алоқа йўқолиб қолгани ҳақида хабар бергандик. «РИА Новости» Чили ҳарбий-ҳаво кучларига асосланиб хабар беришича, самолёт Антарктикага кетишда қулаб тушган.
Етти соатлик қидирувлар натижа бермаганидан сўнг Чили ҳарбий-ҳаво кучлари самолёт ҳалокатга учраган деган тўхтамга келди.
«C130 Hercules» самолёти 9 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:55 да парвоз қилган, соат 18:13 да эса алоқа узилиб қолганди. Самолёт Пунто-Аренасдаги Чабунко базасидан Антарктикадаги ҳаво базасига учганди. Самолёт бортида 38 киши бўлган: 17 нафари экипаж аъзоси, 21 нафари йўловчи.
Чили ҳарбий-ҳаво кучлари билан бирга миллий ва халқаро самолёт ва кемалар қидирувга жалб этилган. Улар авиаҳалокат юз бергани эҳтимолда тутилаётган ҳудудда тирик қолганларни қидирмоқда.
«C130 Hercules» — АҚШда ишлаб чиқарилган ўрта ва узоқ масофага парвоз қилувчи ҳарбий транспорт самолёти. АҚШ ва НАТО ҳамда бир қатор мамлакатларнинг асосий ҳарбий транспорт самолёти ҳисобланади. Чили ҲҲК ихтиёрида бундай самолётлардан еттитаси бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter