Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чирчиқ қирғоқлари айрим жойларда 30 метргача емирилган, чиқиндилар билан ифлосланган – Вазирлик текширув натижаларини маълум қилди

Чирчиқ қирғоқлари айрим жойларда 30 метргача емирилган, чиқиндилар билан ифлосланган – Вазирлик текширув натижаларини маълум қилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Бош прокуратура ва «Хавфсиз дарё» давлат унитар корхонаси томонидан Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ҳудудида назорат тадбирлари ўтказилди.

Тадбир давомида дарёнинг соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида ўндан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мораторий талабларига риоя этилмай, муқаддам Геология вазирлиги томонидан берилган лицензиялар асосида ҳозиргача қум-шағал материалларини қазиб олиш ишлари давом эттирилаётганлиги аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 17-сон Фармони билан 2024 йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сирдарё, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилиниб, дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш тақиқланган.

Фармон билан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва мутасадди вазирлик ва идораларга бундай турдаги қазиш ишларини тоғли ёки тоғолди ҳудудларда (қуруқликда) жойлашган муқобил кон участкаларида ташкил этиш белгиланиб, бу билан сув ресурслари захираларининг камайиб кетиши, дарё қирғоқларининг емирилиши, сувни муҳофаза қилиш зоналарининг турли чиқиндилар билан ифлослантирилишига йўл қўймаслик, шунингдек суғориш тизимлари ва гидротехника инфратузилма объектларига зарар етказилишини олдини олиш назарда тутилган.

Минг афсуски, кўзланган мақсад ва белгиланган вазифаларнинг долзарблигига қарамай, мораторий талаблари айрим ҳудудларда қўпол равишда бузилиб келинаётганлиги маълум бўлди. Ачинарлиси, масъул вазирлик ва идоралар томонидан ушбу ноқонуний фаолиятни тўхтатиш, хусусан, амалдаги лицензияларни бекор қилиш чоралари кўрилмаган. Оқибатда ҳудудда Чирчиқ дарёси қирғоқлари айрим жойларда 30 метргача емирилган, сувни муҳофаза қилиш зоналари турли чиқиндилар билан ифлослантирилган ва бетартиб қазиш ишлари туфайли сизот сувлари юзага чиқиб қолган.

Шунингдек, амалдаги меъёрлар қўпол тарзда бузилган ҳолда дарёнинг соҳилбўйи минтақасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводи қурилиб, ҳозирда фаолият юритиб келмоқда.

Айни вақтда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан мансабдор шахсларнинг бепарволиги ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ноқонуний фаолияти натижасида табиатга етказилган зиён кўлами ва зарар миқдори аниқланмоқда.

Натижага кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг