Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чирчиқда «ёнбошлаб» қолган уй юзасидан қўшимча маълумот берилди

Чирчиқда «ёнбошлаб» қолган уй юзасидан қўшимча маълумот берилди

Бир муддат олдин Чирчиқ шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» массивида қуриб топширилганига кўп бўлмаган кўп қаватли уйнинг бир томонга қийшайиб, «ёнбошлаб» қолгани айтилган эди.

Ўз навбатида, қурилиш вазирлиги пудратчи «Янги замон бино» МЧЖ томонидан қуриб фойдаланишга топширилган уйнинг ушбу ҳолатга келиб қолгани юзасидан ўрганиш ўтаказилишини маълум қилганди.

Вазирликнинг Геологик изланишлар хулосасига таяниб маълум қилишича, ушбу бинода «чўкувчан ва ўта чўкувчан грунтли ҳудудларда қуриладиган бино ва иншоотлар тўғрисида»ги шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг 9-банди талабларига мувофиқ  қурилиш ишлари бажарилган. Бироқ 2022 йил баҳор-куз мавсумидаги ёғингарчиликлар туфайли кўп миқдордаги ёмғир сувлари ирригация тизимларисиз мунтазам равишда бино пойдеворига сизиб кирган ва бино атрофига йиғилиб қолган. Натижада бино остининг асос қисми сувга тўйиниб, бинонинг вертикал сейсмик чоклари лойиҳавий ҳолатидан кўчган.

Ўз вақтида мазкур ҳолатни бартараф этиш бўйича эса «Қишлоққурилишлойиҳа» институти томонидан қурувчи ташкилот раҳбариятига ёзма кўрсатма берилган, бироқ пудратчи томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Юқоридаги ҳолат келиб чиққандан сўнг эса қурувчи ташкилот «Қишлоққурилишлойиҳа»га мурожаат қилган ва институт томонидан тегишли  лойиҳавий ечимлар ишлаб чиқилган.

Тақдим этилган лойиҳавий ечимларга асосан пудратчи томонидан зудлик билан тегишли ишлар амалга оширилиши зарурлиги белгиланди.

Маҳаллий ҳокимият вакилларидан эса ҳудудда бажарилган ободонлаштириш ва ирригация тизимларига оид ишларни ҳудуд бош режасига асосан қайта кўриб чиқиши сўралган.

«Мазкур бинолар қурилишига масъуллар ҳамда соҳа экспертлари иштирокида ўтган йиғилишда мавжуд ҳолатни бартараф этиш юзасидан қўшимча таклифлар билдирилди. Улар орасида энг мақбуллари сараланиб, ўн кун муддатда амалий чораларни кўриш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди», – дейилади вазирлик муносабатида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг