Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Церебрал фалаж (ДЦП) ташхисли болалар қаерларда ўқиши мумкин?

Церебрал фалаж (ДЦП) ташхисли болалар қаерларда ўқиши мумкин?

Церебрал фалажлик... Фарзандига ушбу ташхис қўйилган ота-онага осон тутиб бўлмайди. Бироқ бу болакайлар учун ҳам ҳаёт бир марта берилган. Тушкунликка тушиш билан ўзингиз ва жигарбандингизни қийнаманг. Ишонинг, бу улкан оламда унинг ҳам ўз ўрни бор! 

Боланинг соғлиғини тиббий муолажалар билан тиклашга уринганингиз сингари уни таълимнинг турли босқичларига жалб қилиш орқали ўқиб-ўрганиши, бир касбнинг эгаси бўлиши, келажакда ўз ўрнини топишига кўмаклашинг. Ўйлаймизки, қуйидаги маълумотлар бу борада Сизга асқотади. 

Аввало, мавзуни мактабгача таълим муассасаларидан бошласак. Зеро, ота-оналар бемор фарзандини аяйди. Ҳолати, соғлиғи бошқаларникидек эмас, дея ҳамма нарсадан ҳимоя қилишга, барча юмушларни унинг учун ҳам ўзлари бажаришга ҳаракат қилади. Бу эса нотўғри. Бола кундалик ишларни, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш борасида ҳаётининг илк даврлариданоқ кўникма ҳосил қилиши керак. Бироқ церебрал фалажлик ташхисли болаларни қабул қиладиган боғчалар юртимизда борми?      

Мактабгача таълим вазирлигининг расмий сайтида қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги 560-сонли ва 431-сонли, шунингдек, Фарғона вилояти, Марғилон шаҳридаги 37-сонли, Наманган вилояти, Мингбулоқ туманидаги 39-сонли боғчалар ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари ҳисобланади. Уларга психик ривожланиш ва таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бор ўғил-қизлар қабул қилинади. Ушбу боғчаларнинг оддийларидан фарқли жиҳатлари ва қабул шартлари билан қизиқдик.  

Муассасамиз болалар церебрал фалажлиги, унинг турли хил шакллари, Даун синдроми, оғир нутқ ёки таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони (кўкрак деформацияси, рахитнинг оғир асоратлари кабилар) бор болаларга мўлжалланган, — дейди 560-сонли “Семурғ” номли жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун кўп ихтисосли махсус  мактабгача  таълим  муассасаси методисти Феруза Каримова. — Шу сабаб жамоамиз малакали шифокорлар, невропатолог, педиатр, уқаловчи ҳамшира, катта ҳамшира, тунги тиббий ходимлар, дефектолог, тарбиячи, психолог, сузиш йўриқчиси, даволовчи жисмоний тарбия йўриқчиси каби мутахассислардан таркиб топган. 

Боғчамизда 5 кунлик, яъни душанба тонгидан жума кечга қадар болаларни олиб қолиш тизими жорий қилинган. Тарбияланувчининг соғлиғи, руҳий ҳолати, шунингдек, оилавий шароити, қатнов масаласи — барчаси ҳисобга олиниб, болани тунда олиб қолишга ижозат берилади ёки рад этилади. 

Соат 09.00да дефектологнинг, сўнг тарбиячининг гуруҳли машғулоти, 10.00-10.20лардан бошлаб мутахассисларнинг уқалаш, сув муолажаси, даволовчи жисмоний тарбия ва психологнинг психокоррекция сабоқлари, мусиқа раҳбарининг логоритмика машғулотлари бирин-кетин амалга оширилади. 

Биз Тошкент шаҳри поликлиникаларида рўйхатда турадиган болаларни қабул қиламиз. Бошқа ҳудудлардан эса фақат Мактабгача таълим вазирлигининг хати асосида тегишли комиссия хулосасига кўра қабул қилинади. Болалар мутлақо бепул асосда тарбияланади. 

Юртимизда саноқли бўлган бундай махсус боғчалардан бирининг раҳбари эса қуйидагиларни сўзлаб берди. 

Саноат Тожибоева, Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 37-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудираси: 

Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 528-сонли қарорига асосан  фаолият олиб борамиз. Яъни, бизнинг муассасада коррекцион-педагогик ва даволаш-соғломлаштириш ишлари олиб борилади. 

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бор болаларни уларнинг билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялаш, нуқсонларни коррекциялаш, имкониятига қараб мактаб таълимига тайёрлаш, жамиятга мослашувига кўмаклашиш бизнинг асосий мақсадимиз. 

Марғилон шаҳри, шунингдек, Фарғонага туташ туманларда шу йўналишдаги ихтисослаштирилган боғчалар бўлмаган ҳудуддаги болаларни қабул қиламиз. Бизда ҳам кундузги ва ётиб қоладиган 5 кунлик гуруҳлар ташкил этилган. Ҳозир 90 нафар атрофида тарбияланувчимиз бор. 

Мактабгача таълим муассасасидан кейин, албатта, болаларнинг ўрта таълим мактабларига бориши устида бош қотирилади. Церебрал фалажлик ташхисида асосан таянч-ҳаракат аъзоларда ва қисман ақлий ривожланишда оқсаш кузатилади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилиш шўъбаси мудири Азизбек МУТАЛИЕВ ихтисослашган мактаблар тўғрисида батафсил маълумот берди: 

— Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги тизимида имконияти чекланган, жисмоний ёки психик ривожланишда нуқсони бор болалар учун 85та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар фаолият кўрсатяпти. Мазкур муассасаларнинг:

- 50 таси ақлий ривожланишида нуқсони бор;

- 17 таси кар ва заиф эшитувчи;

- 14 таси кўзи ожиз ва заиф кўрувчи;

- 3 таси таянч-ҳаракат аъзолари шикастланган;

- 1 таси нутқида оғир нуқсони бор болалар учун ихтисослаштирилган. Ушбу муассасаларда 18 533 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда.

Давлат дастури доирасида 2015 йили 30 та, 2016 йили 2 та, 2017 йили 6 та, бу йил эса 7 та ана шундай муассасада қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. 

Ҳозир ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда 4162 нафар ўқитувчи фаолият олиб боради. Уларнинг 97,7 фоизи олий маълумотли бўлиб, 86 фоизини дефектолог-мутахассислар ташкил этади.

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда таълим олаётган ўқувчилар дарсликлар билан тўлиқ, бепул таъминланади.

Болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 13 сентябрдаги 256-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссиялар хулосасига асосан амалга оширилади.

Вазирлик мутасаддиси назарда тутган мактаблардан бири Тошкент шаҳридаги 100-сонли таянч ҳаракат аъзолари шикастланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатидир. Бутун республикадан ўқувчиларни қабул қиладиган ва айни кунда ўз қувватидан кўра анчайин кўпроқ ўқувчи таҳсил олаётган ушбу муассасанинг маънавий ишлар бўйича директори ўринбосари Шафоат Абдулҳаевани суҳбатга тортдик.  

Мактаб-интернатимизга болалар церебрал фалажлиги, шунингдек, икки ва ундан ортиқ ташхис қўйилган мураккаб нуқсонли ўқувчилар қабул қилинади. Улар ётоқхона, уч маҳал иссиқ овқат ва бепул дарсликлар билан таъминланган.  

Аслида, мактабимиз 240 ўринга мўлжалланган, лекин айни дамда биринчидан то ўнинчи синфгача 320 нафар ўқувчи ўқимоқда. Сабаби муассасамизга талаб жуда катта. 

Таҳсил умумтаълим дастури бўйича амалга оширилади. Оммавий синфларимиздаги дарс жараёнлари бошқа мактаблардаги ўқитиш тизимидан қарийб фарқ қилмайди. Бироқ мураккаб нуқсонли болалардан иборат ёрдамчи синфларимиз ёрдамчи дастур, яъни соддалаштирилган программа ва алоҳида китоблар асосида ўқитилади. 

Аксар ота-оналар мактаб-интернатларидан кейин фарзанди ўқишни қаерда давом эттириши мумкинлигини билмайди. Ҳолбуки, юртимизда бир нечта ихтисослаштирилган коллеж мавжуд.  

Мамлакатимизда бугунги кунда 4та ихтисослаштирилган коллеж: Тошкент имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-хунар коллежи, Республика имконияти чекланганлар шахслар учун касб-ҳунар коллежи, Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус коллежи ҳамда Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Фарғона шаҳар республика касб-ҳунар коллежи мавжуд, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази бош мутахассиси Ихтиёр ҲАМИДОВ. — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги 5313-сонли фармонига асосан, 11 йиллик умумтаълим жорий этилгани сабабли касб-ҳунар коллежларига қабул тўхтатилгани боис 2018-2019 ўқув йилида имконияти чекланган шахсларни қабул қилишга ихтисослашган касб-ҳунар коллежларига ўқувчи қабул қилинмади. Бироқ 2019-2020 ўқув йилидан 11-синф битирувчилари қабул қилинади.  

Юқоридаги фармонда белгилаб берилган вазифаларга кўра, касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштириш Республика комиссияси томонидан Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш (2019 йил 1 январь) жараёнида имконияти чекланган шахсларга мўлжалланган касб-ҳунар коллежларини Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказиб, 9-синф битирувчилари негизида ўқувчиларни қабул қилишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. 

Кейинги суҳбатдошимиз Касб-ҳунар таълими маркази бош мутахассисининг сўзларини тасдиқлар экан, қуйидагиларни қўшимча қилди. 

Муродали Ваҳобов, Тошкент шаҳридаги имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган республика касб-ҳунар коллежининг ўқув ишлари бўйича директори ўринбосари:  

Коллежимизда ҳаракат-таянч аъзосида нуқсони бор, кўзи ожиз, заиф эшитувчи 600 нафардан зиёд ўқувчилар таҳсил олади. Бутун республика бўйича қабул амалга оширилиши боис 400 ўринга мўлжалланган ётоқхонамиз ҳам мавжуд. Ўқувчининг соғлиғи ва касб йўналишига қараб ўқиш муддати 1, 2 ёки 3 йилни ташкил этади. Барча битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади ва улар бемалол турли ташкилотларда фаолият олиб боришлари мумкин. Бунинг учун етти йўналиш (кийимлар модельер-конструктори, радиоэлектрон аппаратларни монтаж қилиш, компьютер ва компьютер тизимларини созлаш ва таъмирлаш бўйича техник; бухгалтер, пойабзал буюмларини тайёрловчи ва таъмирловчи; маиший хизмат техникалари (музлатгич, телевизор ва ҳоказо)ни таъмирлаш бўйича уста; тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш техник-технологи) бўйича касб-ҳунар сирлари ўргатилади. 

Битирувчиларимиз орасида олий таълим муассасаларига ҳужжат топширувчилар нисбатан кам. Уларнинг катта қисми ўз ҳунари, эгаллаган касби билан меҳнат қилишга интилади. Бош мақсад ўқувчиларимизнинг ўзини ва келажакда оиласини молиявий жиҳатдан таъминлай оладиган, жамиятда ўз ўрнини топа оладиган даражага етишида кўмаклашиш. 

“Ўз бошимдан ўтган”

Нигора Соатова (исм-фамилияси ўзгартирилган), Тошкент шаҳри:

— Қизимга болалар церебрал фалажлиги ташхиси қўйилган эди. Қизимни аввал ихтисослаштирилган боғчага, сўнг мактаб-интернатга бердим. Орада бир қанча тиббий муолажалар ва операцияларни бошдан ўтказди. Сўнг ихтисослаштирилган коллежда ўқиди. Йиллар давомида боғча, мактаб ва коллежларда у ўзига керакли барча кўникмаларга эга бўлиб борди. Мана, ҳозир 23 ёшда, бухгалтер бўлиб ишлайди. Бир қарашда уни соғлом тенгдошларидан мутлақо ажрата олмайсиз. Шундай экан, бошқа ота-оналарга ҳам фарзандингизни қўллаб-қувватланг, ана шундай ўқув муассасаларига олиб боринг, таълим олиши имконият яратинг, дегим келади.    

Шоҳсанам Ниёзова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг