Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Деҳқон ва фермерларга замонавий техникаларни етказиб бериш устувор вазифа – «Ўзагролизинг»

Деҳқон ва фермерларга замонавий техникаларни етказиб бериш устувор вазифа – «Ўзагролизинг»

Жорий йилнинг 12 феврал куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирларига доир йиғилиш ўтказган эди.

Йиғилишда, жумладан, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, ҳосилдорликни пахтада 50 центнер, ғаллада 100 центнерга етказиш режа қилинаётгани таъкидланди. Бу борада қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва энг замонавий техникалар билан таъминлаш устувор вазифа эканлиги қайд этиб ўтилди.

Айни шу масалалар юзасидан «Ўзагролизинг» АЖ бошқарув раиси Нодир Отажонов ўз фикрлари билан бўлишди.

– Мана 24 йилдирки «Ўзагролизинг» акциядорлик жамияти Ўзбекистон лизинг бозорида етакчи ўринларни эгаллаб, юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Фермер хўжаликлари ва ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасининг бошқа вакилларига энг замонавий техникаларни етказиб бериш олдимизда турган устувор вазифадир. Муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда айни шу масалаларга эътибор қаратилди.

Юртбошимиз томонидан қишлоқ хўжалигида сафарбар қилинмаган янги захираларни ишга солиш, харажатларни пасайтириб, шу орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш, ерларимиз унумдорлиги, ҳосилдорликни ошириш бўйича барча соҳаларда аниқ вазифалар белгилаб берилди. Механизация, операторларни ўқитиш масалаларига эътибор қаратилди, – дейди Нодир Отажонов.

Шунингдек, акциядорлик жамиятига жорий йил қишлоқ хўжалигига 10 мингдан ортиқ замонавий энергия тежамкор қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш вазифаси юклатилгани, ҳозирга қадар ҳудудлар кесимида бу техникаларнинг эгаларини аниқлаштириб, ҳисоб-китоб қилиб олингани таъкидланди.

Компания раҳбари, шу билан бирга техникаларни лизингга олиш шартлари ва тартиблари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди.

– Техникаларни лизингга олиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 3 кундан ошмайди. Мурожаат қилувчилар эгалигидаги ер майдони, оладиган ҳосили, даромади ва банкдаги айланма маблағлари  ҳақида маълумотларни ҳамда бизнес-режаларини топширишади. Ҳужжатлар тезкорлик билан кўриб чиқилиб, техникалар қисқа муддатда етказиб берилади. Оғир техникаларга 10 йилгача, кичикроқ техникаларга эса 3-5 йилгача лизинг қилиб берилади.

2024 йилда «Ўзагролизинг» АЖ биринчи навбатда хорижий молия бозоридан узоқ муддатли, паст фоизли маблағларни жалб қилиш ҳисобига деҳқон, фермерларга узоқ муддатли, нисбатан арзон нархларда қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришни асосий вазифа сифатида ўз олдига мақсад қилган. Ўтган йилгига нисбатан етказиб бериш ҳажми 5 баробарга ўсиши кутиляпти, – дейди Нодир Отажонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг