«Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача» деб номланган янги китоб нашр қилинди

Шундай китоблар борки, уларга ҳар куни эҳтиёж сезасан. Булар луғат ва қомус тарзидаги китоблардир. «Қобуснома»нинг асрлар оша қўлма-қўл бўлиб келаётгани сири ҳам шундадир. Чунки бундай мазмундаги китоблар маълумот беради, ўйлантиради ва руҳлантиради. Шунинг учун ҳам уларни тарихга гувоҳ, тақдирга ҳамроҳ китоблар сифатида эъзозлаш ўринлидир. Кундалик ҳаёт учун қўлланма, кенг қамровли билим учун йўлланма бўладиган китоблар қадрга, эъзозга лойиқ.
848 саҳифадан иборат бўлган «Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача» деб номланган, таъбир жоиз бўлса, «тош босадиган» катта бир китоб мана, қўлимизда турибди. Муаллифи ҳам сизга яхши таниш. Иқтидорли журналист, халқаро ва сиёсий мавзудаги мақолалари билан эътиборга тушган ёш олим, публицист Лазиз Раҳматов.
«Янги китоб» нашриётида чоп этилган маскур салмоқли китоб ҳар бир давлатга хос бўлган иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий жиҳатларни қамраб олганлиги билан ажралиб туради. Шу боис таҳрир ҳайъатида турли йўналишлар бўйича 22 нафар мутахассиснинг, йирик олимларнинг исми-шарифлари қайд этилганлиги ҳам бежиз эмас. Улар таркибида сиёсий фанлар, тарих, фалсафа, юридик, иқтисодиёт, филология, педагогига, техника фанлари номзодлари ва докторларидан тортиб Бадиий академиянинг академигигача бор.
Китоб Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги, иқтисодиёт фанлари доктори профессор Қаландар Абдураҳмонов, юридик фанлари доктори Нуриддин Норматовларнинг умумий таҳрири остида чоп этилгани ҳам китобнинг анча эътиборга молик эканини тасдиқлайди.
Анвар Намозов, Наврўз Бекмуродов каби истеъдодли муҳаррирлар назаридан ўтиб, 5000 (беш минг) нусхада чоп этилгани ҳозирги давр учун ҳам салмоқли. Гап бундаям эмас, балки, унинг ижтимоий қийматида, кирилл алифбоси тартибида мамлакатлар ҳақидаги маълумотларнинг муфассал келтирилишида, қатъий тартибга, изчиликка риоя этилганидадир.
Ҳар бир мамлакат ҳақида маълумот берилар экан, ўша мамлакатнинг майдони, бошқарув шакли, бўлиниши, аҳолиси, жойлашуви, табиати, тарихи ва иқтисодиёти, ташқи сиёсати, шунингдек, эътиборга молик қўшимча маълумотларнинг берилиши китобни анча бойитган. Жами 238 та мамлакат ҳақида энг сара ва сўнгги маълумотларнинг жамлангани аҳамиятлидир. Муаллиф фақат тузувчи сифатида эмас, балки нуқтаи назари ўткир сиёсатшунос сифатида ўзининг таҳлилий ва танқидий муносабатларини ҳам билдириб ўтганлиги қийматлидир. Жумладан, аксарият давлатларнинг Ўзбекистон билан муносабати, аълоқалари, турли йўсиндаги ҳамкорликлари борасидаги тажриба ва ютуқлар ҳақида ҳам муфассал маълумот келтирилганки, бу ўқувчини зериктирмайди, балки, қизиқишини орттиради. Ҳар бир давлатнинг тарихи, иқтисоди, халқаро майдондаги нуфузи билан қизиқадиган китобхон бунга беэътиобор бўлмаслиги аниқ.
Китобда келтирилган мамлакатларнинг пойтахти, аҳолиси сони, миллий байрами, расмий тили, дини, пул бирлиги, телефон коди ва ҳатто интернет доменигача маълумот беришни эътибордан қочирмаган муаллиф.
Ҳар бир давлатнинг бошқарув шакли ҳақида гап кетганда, ижроия ҳокимиятига кимнинг раҳбарлик қилиши, конституцияси, мавжуд бўлган сиёсий партия ва уларнинг сони ҳамда номларини келтиришни ҳам унутмайди. Энг муҳими бу маълумотлар энг сўнги маълумотлар билан бойитилган ҳолда изоҳланган.
Муаллифнинг ана шундай синчковлиги, ҳафсала билан иш тутиши, мамлакатларнинг «Бўлиниши ва аҳолиси» рукнида ҳам ўзининг теран ифодасини топган. Мамлакатнинг нечта вилоят, провинция ва автоном шаҳарлага бўлиниши, аҳолисининг таркиби қайси миллат вакилларидан иборатлиги, фоизлар кўрсаткичи билан ифодаланган. Айни пайтда маҳаллий аҳолининг қанча фоизи қайси динга мансублиги ҳам қайд этилади. «Жойлашуви ва табиати» рукнида эса мамлакатга хос бўлган географик маълумотлар жойлашиш ўрни, иқлими, қандай дарахтлар ва қайси ҳайвонлар ўрмон ва бутазорларда, ўтлоқ ва яйловларда яшаши борасида қизиқарли маълумотлар келтирилади.
Ҳар бир давлат ўзининг қадиймийлиги, бой маданияти, тарихи билан дунё зарварақларидан ўрин олиши табиий ҳол. Бу борада мамлакатнинг «Тарихи» рукнида қисқа ва лўнда, мағизли маълумотлар келтиришни маъқул кўради. Ўша ҳудудда даставвал, қандай қабилалар яшагани, уларнинг ижтимоий ҳаёти ва ён атрофидаги элатлар билан муносабати босқинчилик ва мудофаа жанглари, кимлар қайси даврда ҳукмронлик қилгани хусусида ҳам етарлича маълумотлар берилади.
«Иқтисодиёти» рукнида эса ўша мамлакатнинг ялпи ички иқтисоди айни пайтда қанча долларни ташкил этиши, ер ости ва ер усти бойликлари, саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил саноатнинг ҳатто, чорвачилик, балиқчиликнинг қай даражада ривожланиши, қандай меваларни етиштириши ва экспорт қилиши, туризмнинг ривожи, асосий савдо шериклари, автомобил йўллари узунлиги, темир йўллари, қанча аэропорт ва бандаргоҳларнинг борлиги борасида аниқлик билан маълумотлар келтиради.
«Ташқи сиёсати» соҳасида қандай ҳамкорлик ташкилотлари ва иттифоқларга аъзолиги борасида ҳам сўз юритади.
«Эътиборга молик маълумотлар» қисмида қандай спорт турлари, мамлакат нуфузини оширишга хизмат қиладиган яна қандай халқ хўжалигининг тармоқлари бўлса, улар ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар беришни эътибордан соқит қилмайди.
Ушбу китобни тайёрлашга киришишнинг ўзи бир жасорат бўлса, уни ёзиб тугатиш ва тузиш ҳам чинакам матонатдир. Маълумотларнинг асосли ва далилланган бўлиши учун мамлакатлар мавзуига дахлдор қанчадан-қанча китобларни кўриб, солиштириб муқояса этиш асносида ушбу муҳим ва мукаммал манбани юзага келтирган. Фикримиз яланғоч бўлмаслиги учун фойдаланилган адабиётлар рўйхатига бирров назар ташлашнинг ўзи кифоя.
Унда 231 та манба қайд этилган бўлиб, муаллиф ҳар бирини эринмасдан мушоҳада ила мутолаа этиб, ушбу қомусни вужудга келтирди. Бу китоб илм, марифатга, рақамли иқтисодиётга қизиқувчи, туризм ёхуд жаҳон давлатлари борасида маълумотга эга бўлишга интилган ҳар бир раҳбар ва ходимнинг иш столида туриши мақсадга мувофиқ. Айниқса, китобнинг қоқ ўртасида мамлакатлар байроқлари тасвирининг берилиши унинг қийматини яна бир карра оширгани ҳақ.
Барчани мазкур китобни ўқишга, мутолаа этишга чорлаймиз. Зероки, бу сизнинг руҳий-маънавий эҳтиёжларингизни тўла қондиришига ишонамиз.
Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари,
«Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасасининг раҳбари
Баҳриддин Муқимов,
«МАЪРИФАТ» тарғиботчилари жамияти аъзоси,
ТИҚХММИ «Гуманитар фанлар» кафедрасининг ассистенти
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter