Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДХХ раиси ғолибларни тақдирлади

ДХХ раиси ғолибларни тақдирлади

ДХХ ташаббуси билан жорий йил апрель ойидан бошлаб республиканинг қишлоқ ва маҳаллаларида мини-футбол бўйича ўтказилган мусобақаларнинг дастлабки босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 та жамоа 12-15 июнь кунлари пойтахтдаги «Бунёдкор» стадионида ДХХ раиси кубоги учун ўзаро куч синашди.

Турнирнинг финал босқичида Қашқадарё вилояти Қамаши тумани «Самарқанд» МФЙ жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри «Тараққиёт» МФЙ жамоаси иккинчи, Жиззах вилояти Зомин тумани «Ғафур Ғулом» МФЙ жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани «Оқ Манғит» МФЙ жамоаси эса ярим финалга қадар муваффақиятли ўйин намойиш этиб, кучли тўртликни якунлаб берди.

Қайд этилишича, биринчи ўринни эгаллаган жамоага улар истиқомат қиладиган маҳаллада мини-футбол майдончаcи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи ўринларни қўлга киритган жамоаларга эса улар яшайдиган маҳаллада «Street Workout» майдончалари қуриб берилади.

Шунингдек, мусобақалар якунига кўра «Энг яхши ўйинчи» номинациясида Фарғона вилояти жамоаси аъзоси Фазлиддин Содиқов, «Энг яхши тўпурар» йўналишида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилган Фаррух Бектемиров, «Энг яхши дарвозабон» деб Бухоро вилояти жамоаси вакили Сирож Салимов ҳамда «Энг яхши мураббий» номинациясида Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси устози Серик Жалгасов муносиб кўрилди.

Бундан ташқари, ДХХ раиси кубогининг республика босқичида иштирок этган 14 та жамоанинг ҳар бир аъзосига спорт велосипедлари, уларнинг мураббийларига эса қимматбаҳо совғалар топширилди.

ДХХ раиси кубоги мусобақалари келгуси йили нафақат мини-футбол, балки, катта футбол бўйича ҳам ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг