Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энди уйда ўқиб ҳам олий маълумот олиш мумкин

Энди уйда ўқиб ҳам олий маълумот олиш мумкин

Фото: news.rambler.ru

Янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида махсус сиртқи бўлим талабалари учун дарслар масофадан туриб онлайн тарзда ўқитилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази «Xabar.uz»га хабар қилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 августда қабул қилинган «Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида»ги  қарори асосида 15 та олий ўқув юртида 8 та йўналиш бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган. Эндиликда жорий этилган онлайн ўқитиш платформаси ёрдамида сиртқи таълим талабалари, масофадан туриб, ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги «Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида сиртқи ва кечки таълим талабалари учун масофадан туриб таълим бериш белгиланган.

Онлайн ўқитиш платформаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази томонидан жорий этилди. Бугунги кунда махсус сиртқи таълимнинг 144 та дарслиги таянч олий таълим муассасаси билан биргаликда масофавий ўқитиш формати асосида ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Масофавий таълимни амалга оширишнинг навбатдаги босқичида олий таълимнинг ситрқи ва кечки таълим учун масофавий ўқитишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Сиртқи ва кечки таълим дарсликлари ҳам босқичма-босқич онлайн ўқитиш тизимига ўтказилиб борилади.

Онлайн ўқитиш курсини ташкил қилиш учун мўлжалланган платформада барча зарурий элементлар яратилган. Хусусан, маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, чат, форум, сўровнома, глоссарий, тескари алоқа ва вебинар шулар жумласидандир. Шунингдек, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформани ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси амалга оширилди.

Мамлакатимиз олий таълим тизимига масофавий таълимни жорий қилиниши давлат учун ҳам талаба учун ҳам таълим харажатларини қисқартиришга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида, қабул квоталарини ошишига хизмат қилади.  Шунингдек, талабаларнинг иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олишлари ўзаро икки фаолият — таълим  ва меҳнат фаолиятларининг уйғунлашувини таъминлашда ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг