Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Энергетика вазирига: Ёзда ҳам, қишда ҳам электр ўчмайди деган ваъда берувдингиз, эсингиздами?

Энергетика вазирига: Ёзда ҳам, қишда ҳам электр ўчмайди деган ваъда берувдингиз, эсингиздами?

Фото: Президент матбуот хизмати

Узоқ эмас, шу йилнинг 24 март куни бўлиб ўтган селектор ёдингиздами? Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури бўйича ўтказган селектор йиғилиши давомида электр энергияси ва табиий газ таъминоти муаммосини кўтарганди. Давлат раҳбари ўтган қиш давомида юзага келган муаммолар такрорланмаслиги учун энергетика вазири Алишер Султоновдан ҳисобот талаб қилди ҳам.

Ҳа, ўшанда, энергетика вазири Алишер Султонов ҳам мард кетиб, селектор йиғилиши давомида жорий йилги куз-қиш мавсумида электр энергияси бўйича муаммо бўлмаслигини ваъда қилди. Ўша пайтда вазир жаноблари ҳисоб-китоб билан гапирганига шубҳам йўқ. Ҳа айтганча, қўшимчаси ҳам бор бу ваъданинг: «Бундан буён нафақат куз-қиш мавсуми, йилнинг ҳар бир даврига эътибор кучли бўлади. Йил давомида энергия таъминоти барқарор бўлишини таъминлаймиз. Охирги йилларда нафақат қишда, балки ёзда ҳам электр энергиясига талаб ошиб кетади. Одамлар кондиционерлар ишлатишади», деб истисно ҳам қилиб қўйганди вазир. Аммо истисно исбот эмас ва натижага таъсир қилмайди.

Бугун ижтимоий тармоқларда Чироқчида одамлар тезюрар поезд йўлига чиқиб олгани ҳақида хабарлар тарқади. Сабаб Чироқчида чироқ йўқлиги. Вазир ваъда берганмиди? Одамларга шу иссиқда поезд йўлига чиқиш ҳавас эмас, деб ўйлайман. Ўзбек халқи бардошли. Тирноғининг тагига игна санчсангиз ҳам чидайдиган халқ ўзидан ўзи кўчага, поезднинг йўлига чиқмайди.

Одамлар яшаш учун курашади. Оқова сув етиб бормаган ерларда, ичимлик суви танқис жойларда электрнинг қадри жуда билинади. Улар электрни текинга сўраётгани йўқ. Пулини тўлашга тайёр, аммо…

Қишлоқда яшаб кўрган одам уларнинг бекордан бекорга дод демаётганини билади. Электр бўлмаса, на чорвачилик, на деҳқончилик бўлади.

Электрнинг ўчишига ким айбдорлигини билмайман. Негадир бизнинг электр жуда нозиктаъб. На иссиқни, на совуқни, на шамолни, на ёмғирни хушлайди. Алишер Султонов ваъда бергани ҳамманинг ёдида. Ваъда ҳам чакана эмас, нақ Президентимизнинг шахсан ўзларига берилган. Билмадим, ваъда бериб бўлгач, ичларида «ҳазиллашдим» дегандирлар-у биз эшитмагандирмиз. Бировга туҳмат қилиш гуноҳи азим, янаям билмадим...

Халқ орасида «эчкининг қасами» атамаси юради. Ваъда берилса-ю, бажарилмаса кимдан «ўпкалаш»ниям билмайди одам. Эҳтимол, жаноб вазиримиз, ваъдани унутиб қўйдилармикан? Аммо не бўлса ҳам ваъда бажарилмаяпти. Қолган факторлар сабаб эмас, «баҳона»га ўхшаб кўринаверади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг