Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эркинжон Турдимов сохта ҳисобот берган раҳбарларни жазолашни тавсия қилди

Эркинжон Турдимов сохта ҳисобот берган раҳбарларни жазолашни тавсия қилди

Фото: «Газета.uz»

Пахтачи тумани ҳокимлигида «Жамоатчилик назорати» гуруҳлари ўрганиши натижасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Zarnews.uz» сайтида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, Пахтачи тумани ҳокимига келган 1 070 та мурожаатнинг 931 таси ечимини топмаган.

Йиғилишда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов маҳаллий бошқарув идоралари вакилларининг суст фаолиятини кескин танқид остига оларкан, муаммоларни бартараф этишда мутасаддилар фуқаролардан сохта ташаккурномалар ёздириб олганини айтди.

Жумладан, газ баллонлари етказиш бўйича 370 та, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича 4 та, ишга жойлаштиришда 9 та, тижорат банклари томонидан 5 та арз ижобий ҳал бўлди, деб ёлғон маълумот берилган.

Турдимов нотўғри маълумот берган раҳбарларга маъмурий жазо қўллашни тавсия қилди.

— Ўз фаолияти масъулиятини ҳис қилмай иш юритаётган бу каби раҳбарлар туфайли аҳолида ишончсизлик кайфияти ортиб кетган, — деб айтган у.

Шу кунлари ўтказилган «Жамоатчилик назорати» гуруҳлари ўрганиши натижасида газ баллони етказиш юзасидан 1 ярим мингга яқин мурожаат келиб тушган. Аниқланишича, баъзи ҳудудларга 4 ойдан бери тўлдирилган газ баллони етиб бормаган.

Шунингдек, ишсизлик ва иш хақлари бўйича 1 258 та мурожаат олинган.

Туман ҳокимининг саноат ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосарига 3 300 та, ёшлар бўйича ўринбосарга 550 та, инвестиция бўйича ўринбосарга 36 та, туман хотин-кизлар қўмитаси раисига 91 та мурожаат келиб тушган. Уларни кўриб чиқиш ва ечимини топиш учун 5 кун муҳлат берилди.

«Жамоатчилик назорати» гуруҳлари душанба куни Қўшработ туманида иш бошлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг