Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Евроиттифоқ Алишер Усмоновнинг синглисини санкциялар рўйхатидан чиқарди

Евроиттифоқ Алишер Усмоновнинг синглисини санкциялар рўйхатидан чиқарди

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиева Украинадаги урушга жавобан тузилган Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан ўчирилди. Бу ҳақда The Guardian нашри ёзмоқда.

Саодат Нарзиева Евроиттифоқнинг апрел ойида россиялик амалдорлар ва олигархларнинг бир қатор қариндошлари қаторида рўйхатга киритилган эди.

Нашрнинг қайд этишича, Усмонов ва Нарзиева апрел ойида Европа Иттифоқи бўйлаб саёҳат қилиш ёки аъзо давлатлар ҳудудида жойлашган активлардан фойдаланишга тўсқинлик қилган санкцияларни бекор қилиш мақсадида судга мурожаат қилган. Сўнгги хабарлар Усмоновнинг санкциялар рўйхатида қолганини кўрсатмоқда.

Жорий ҳафтада Европа Иттифоқининг «қора» рўйхатидан ўчирилган бошқа исмлар орасида марҳум россиялик сиёсатчи Владимир Жириновский ва молиячи Михаил Фридманнинг собиқ рафиқаси Олга Айзиман ҳам бор.

Нарзиеванинг матбуот котиби Евроиттифоқнинг ушбу қарорини олқишлаб, Буюк Британиянинг назорат органлари томонидан ҳам санкциялар бекор қилинишига умид боғлаган.

Нарзиевага нисбатан Европа Иттифоқи санкциялари эълон қилинганидан кўп ўтмай, яъни 13 апрел куни у Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига ҳам киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 56 ёшли Саодат Нарзиева Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги камида 27 та махфий корпоратив ҳисобининг бир марталик бенефициари ҳисобланиши маълум бўлган эди. Улардан энг каттаси 2011 йилда тахминан 1,9 миллиард Швейцария франкига эга бўлган бўлса, қолган иккитасида 2014 йил ҳолатига кўра тахминан 460 миллион ва 1,3 миллиард ва 460 миллион бор эди.

Нарзиева Тошкент шаҳридаги туғруқхонада акушер-гинеколог бўлиб ишлайди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг