Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғона ва Сирдарёдаги музейлардан 500 дан ортиқ экспонат йўқолгани аниқланди

Фарғона ва Сирдарёдаги музейлардан 500 дан ортиқ экспонат йўқолгани аниқланди

Фото: Яндекс

Республикадаги давлат музейларида олиб борилаётган хатлов ишлари давомида «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси ва унинг филиаллари ҳамда Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи фондларида музей ашёлари камомади аниқланди.

Хусусан, «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси ва унинг филиаллари, жумладан, Ғафур Ғулом номидаги Қўқон адабиёт музейида қарийб 500 та, Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида эса фонд ҳисобида мавжуд бўлган 16 та экспонатнинг йўқлиги хатлов комиссияси томонидан қайд этилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.

Бу музейлардан экспонатлар йўқолиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Жорий йилнинг апрел ойида Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда унинг Шоҳимардон табиат музейи филиали фондида сақланган 11 та музей экспонати йўқолгани ҳақида хабар қилинган эди.

Ўшанда Маданий мерос агентлиги директорининг тегишли буйруғи билан ҳолат юзасидан музей масъул ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Бундан ташқари, 2022 йил ёзида Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида сақланаётган умумий қиймати 2,5 млрд сўмлик 70 та ноёб экспонат (улардан 56 таси рангтасвир асарлари) қалбакилаштирилгани, шунингдек, музейни капитал таъмирлаш учун ажратилган 3,1 млрд сўм бюджет маблағининг 1,4 млрд сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилингани маълум қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг