Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фин дипломати ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили этиб тайинланди

Фин дипломати ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили этиб тайинланди

Фото: Финляндия ташқи ишлар вазирлиги

Финляндиялик дипломат Тери Ҳакала хоним Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Европа Иттифоқи Кенгашининг тегишли қарори кўра, у жорий йил 1 июлдан ўз вазифасини бажаришга киришади.

«Европа Иттифоқи Марказий Осиёда мувозанатни сақлаб турувчи ҳамкор сифатида минтақадаги муаммоларни ҳал этишга кўмак бера олади. Қолаверса, ЕИ глобал пандемиядан кейин қайта тикланишда асқотадиган кўплаб воситаларга эга», – дейди Т.Ҳакала.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил Жосеп Боррель раҳбарлигида фаолият юритади ва унинг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсатини амалга ошириш бўйича ишларига кўмаклашади.

Айни пайтда ЕИнинг минтақа давлатлари билан ҳамкорлиги хавфсизлик, қонун устуворлиги, атроф-муҳит, сув ресурслари, иқлим ўзгариши, таълим, аёллар масалалари, инсон ҳуқуқлари каби соҳаларни ўз ичига олган. ЕИнинг Марказий Осиё стратегиясига мувофиқ, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда барқарор алоқани ривожлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Махсус вакил минтақа мамлакатлари билан расмий Брюсселнинг ҳар томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Т.Ҳакала 33 йиллик дипломатлик фаолияти давомида Финляндия ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ЕХҲТ тизимида масъул вазифаларни бажарган. Жумладан, Финляндиянинг Арманистон, Озарбойжон, Грузия Ҳиндистон каби мамлакатлардаги элчиси, ТИВнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти раҳбари, ЕХҲТнинг Грузиядаги миссияси раҳбари каби лавозимларда ишлаган. Сўнгги йилларда эса Финляндия ТИВда махсус элчи вазифасини бажарган.

Ҳозирга қадар ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили лавозимида ишлаб келган Питер Бурианнинг ваколат муддати 30 июнь куни тугайди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йил 24 май куни дипломат П.Бурианни қабул қилган ва унинг Тошкент ҳамда Брюссель ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этган эди. 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг