Ғазо бўйича 15 банддан иборат Трамп режаси эълон қилинди
БМТ Хавфсизлик кенгашидаги муҳокамалар ортидан Ғазо бўйича таклиф этилаётган 15 банддан иборат «Трампнинг комплекс тинчлик режаси» тафсилотлари ошкор қилинди. Ҳужжатда Ғазони уруш ва гуманитар инқироздан чиқариш, ҳудудни қайта тиклаш ва фаластинликлар ўзини ўзи бошқаришига ўтиш назарда тутилган.
Режага кўра, Ғазода қуролли гуруҳларнинг бошқаруви тугатилиб, хавфсизлик ва бошқарув ягона фуқаролик тизими остига ўтказилади. Ҳужжатда «битта ҳокимият, битта қонун, битта қурол» тамойили асос қилиб олинган.
Шунингдек, ҲАМАСнинг давлат бошқарувидаги роли чекланиши, қуролларни босқичма-босқич Фаластиннинг фуқаролик органларига топшириш ва полиция тизимини қайта шакллантириш таклиф этилмоқда.
Режада Исроил қўшинларини Ғазодан босқичма-босқич олиб чиқиш ҳам кўзда тутилган. Бу жараён қуролсизлантириш босқичлари халқаро назорат асосида амалга оширилиши билан боғланган.
Ҳужжатда Ғазода вақтинчалик халқаро барқарорлаштирувчи кучларни жойлаштириш, гуманитар операцияларни ҳимоя қилиш ва хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам акс этган.
Режанинг якуний қисми Ғазони кенг кўламда қайта тиклашга бағишланган. Унда уй-жойлар, мактаблар, шифохоналар ва инфратузилмани қайта қуриш барқарорлик ва фуқаролик бошқаруви тўлиқ йўлга қўйилганидан кейин бошланиши қайд этилган.
Режанинг асосий бандлари қуйидагилардан иборат:
- Ғазони доимий уруш ва гуманитар инқироздан чиқариш, фаластинликлар ўзини ўзи бошқаришига ўтиш.
- Илгаридан қабул қилинган ўт очишни тўхтатиш келишувларини тўлиқ бажариш.
- Барча босқичларни халқаро текширув ва ўзаро мажбуриятлар асосида амалга ошириш.
- Ғазони бошқариш учун вақтинчалик Фаластин фуқаролик маъмуриятини шакллантириш.
- ҲАМАСнинг бошқарувдаги ролини тугатиш, аммо оддий давлат хизматчиларини сақлаб қолиш.
- «Битта ҳокимият, битта қонун, битта қурол» тамойилини жорий этиш.
- Полиция тизимини ислоҳ қилиш ва хавфсизлик вакуумидан қочиш.
- Қуролларни босқичма-босқич палестин фуқаролик органларига топшириш.
- Шахсий қуролларни лицензиялаш ва назоратни ягона тизимга ўтказиш.
- Хавфсизлик кафолатларисиз аҳолидан қурол топшириш талаб қилинмаслиги.
- Фаластинликлар ўртасида ички қасос ва қуролли тўқнашувларни тақиқлаш.
- Ғазода вақтинчалик халқаро барқарорлаштирувчи кучларни жойлаштириш.
- Исроил қўшинларини босқичма-босқич Ғазодан олиб чиқиш.
- Хавфсиз ҳудудларда бошқарув ва хавфсизликни палестин маъмуриятига топшириш.
- Барқарорлик ўрнатилганидан кейин Ғазони кенг кўламда қайта қуриш — уйлар, мактаблар, шифохоналар ва инфратузилмани тиклаш.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter