Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия меҳнат бозорига иммигрантлар зарур – Федерал меҳнат агентлиги

Германия меҳнат бозорига иммигрантлар зарур – Федерал меҳнат агентлиги

Германияда ишчи кучига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун иммигрантлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда мамлакат Федерал меҳнат агентлиги маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Германияда меҳнатга лаёқатли маҳаллий аҳоли сони қарийб 4 миллион нафарга камайган. Шу даврда эса меҳнат ёшидаги 3,4 миллион нафар иммигрант мамлакатга кўчиб келган.

Таъкидланишича, 2014 йил июндан 2025 йил июнгача бўлган даврда Германияда бандлик ўсишининг 43 фоизи учинчи давлатлардан келган иммигрантлар ҳиссасига тўғри келган. Бу жараёнда қочқинлар ҳам муҳим ўрин тутган.

Федерал меҳнат агентлиги вакили Даниэл Терценбахнинг айтишича, кўплаб касбларда кузатилаётган кадрлар танқислиги тобора кўпроқ иммигрантлар ҳисобига бартараф этилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, кадрлар етишмайдиган соҳаларда иммигрантлар улуши 2014 йилдаги 7 фоиздан 14 фоизгача ошган.

Мутахассислар фикрича, Германияда демографик ўзгаришлар давом этаётгани боис, мамлакат иқтисодиёти учун меҳнат миграцияси келгуси йилларда ҳам муҳим омил бўлиб қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг