Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Германияда нацистлар партияси аъзоларининг тўлиқ рўйхати эълон қилинди

Германияда нацистлар партияси аъзоларининг  тўлиқ рўйхати эълон қилинди

Фото: The Nation

Германияда фуқароларга Адолф Ҳитлер ҳукмронлиги даврида аждодлари нацистлар партиясига мансуб бўлганми ёки йўқлигини аниқлаш имконини берувчи янги қидирув тизими ишга туширилди. Бу ҳақда BBC News хабар берди.

​Австриялик Кристиан Райнер BBC’га бобосининг исмини маълумотлар базасидан «бир неча сония ичида» топганини айтган.

​«Мен унинг нацистлар партиясига аъзо бўлганини аниқладим, бу  1938 йил 21 апрелда юз берган, яъни аншлюсдан (Германия Австрияни  ўз таркибига қўшиб олиши) бир неча кун ўтгач», деди Райнер.

​Тизим бир неча миллион аъзолик карталари (NSDAP-Mitgliederkartei) маълумотлар базаси асосида ишлайди. «У Австрияда нацистлар партияси қонунийлаштирилганидан беш кун ўтгач қўшилиш учун ариза берган», деб давом этди Австриянинг Profil журналига муҳаррирлик қилган Райнер.

Онлайн маълумотлар базаси Германиянинг Die Zeit газетаси томонидан Германия ва Америка архивлари билан ҳамкорликда яратилган.

​Райнернинг айтишича, бобоси у туғилишидан сал аввал вафот этган. 

​«Мен унинг нацистлар билан яқин эканлигини ҳар доим билардим, лекин унга қўшилиш учун атиги беш кун керак бўлганидан ҳайрон бўлдим», деб давом этади у. «Ахир у олим эди. 1938 йилда у нацистлар ким эканлигини жуда аниқ билиши керак эди».

​Райнернинг тушунтиришича, қидирув тизими нафақат бобосининг нацистлар билан алоқасини очиб бергани учун, балки отаси каби бошқа оила аъзоларининг айбсизлигини исботлашга ёрдам бергани учун ҳам муҳимдир.

​«Мен бошқа қариндошларни, айниқса отамни топмаганимдан хурсандман. Мен уни ҳеч қачон нацист деб гумон қилмаганман. У 1941 йилда Вермахтга чақирилган ва бир неча бор яраланган».

​Die Zeit газетаси қидирув тизими ниҳоятда машҳур эканлигини хабар қилмоқда. Апрел ойининг бошида ишга туширилганидан бери «у аллақачон миллионлаб марта ишлатилган», деди Die Zeit вакили Юдит Бутч.

​«Мен у ерда иккита яқин қариндошимни топдим ва бу бизнинг оиламизда ҳеч ким алоқадор эмаслиги ҳақидаги афсонани йўққа чиқарди», деб ёзган газета веб-сайтининг фойдаланувчиларидан бири. «Буни 71 ёшида билиш жуда аччиқ зарба».

​Таъкидлаш керак, 1925 йилдан 1945 йилгача тахминан 10,2 миллион немис фуқаролари нацистлар партияси аъзоси бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг