Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия Ўзбекистон билан муҳим масалада музокара олиб бормоқда

Германия Ўзбекистон билан муҳим масалада музокара олиб бормоқда

Фото: dpa

Германия ҳукумати Ўзбекистон масъуллари билан мамлакатдан мажбуран чиқариб юбориладиган афғонлар масаласида музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда олмон матбуоти хабар берди.

“Der Spiegel” нашри хабарига кўра, жорий йил май ойида Германия ички ишлар вазирлиги делегацияси Тошкентга музокара учун келган. Расмий Берлин депортация қилиниши лозим бўлган афғонларни аввал Тошкентга юбориб, сўнгра хусусий авиаширкат учоқларида Кобулга жўнатиш ниятида.

Афғон қочқинларини мажбуран ватанига қайтариш амалиётида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилинаётгани сабаби Германия ҳукуматининг Толибон маъмурияти билан тўғридан-тўғри мулоқотдан қочаётганидир. Ўзбекистон ҳукумати билан бу борадаги музокараларга Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер бошчилик қилмоқда.

Олмон матбуотига кўра, расмий Тошкент Берлин ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Бунинг эвазига Германиядан Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат муҳожирлигини қулайлаштирувчи битим тузиш талаб қилинган.

Германия делегацияси Тошкентда май ойида ўтказилган музокараларни конструктив деб баҳолагани айтилмоқда.

Олмон ҳукумати афғон қочқинларини депортация қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати билан музокара олиб бораётганини “The Bloomberg” агентлиги ҳам тасдиқлаган.

Жорий йил май ойида Германиянинг Манҳейм шаҳрида афғонистонлик шахс маҳаллий полициячини пичоқлаб ўлдирган эди. Ушбу қотиллик ортидан Германия жамоатчилиги мамлакат ҳудудида жиноят содир этган муҳожирларни ўз ватанига мажбуран қайтариш масаласини муҳокама қилмоқда. Канцлер Олаф Шольц Афғонистон ва Суриядан келган муҳожирлар ҳам агар жиноят содир этган бўлса, депортация қилиниши керак деган фикрда.

Ушбу масала ҳал этилгудек бўлса, Германияда яшаб турган минглаб афғон фуқаролари депортация қилиниши мумкин.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг