Ҳаракат Исроил агрессиясини тўхтатадиган келишувга эришишдан манфаатдор – ҲАМАС
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Қоҳирада бўлиб ўтган ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичи якунланганини эълон қилди.
ҲАМАС делегацияси Миср воситачилари орқали Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар ўтказиш учун шанба куни Қоҳирага етиб келган эди.
«Қоҳирадаги музокараларнинг ҳозирги босқичи якунланди ва ҲАМАС делегацияси ҳаракат раҳбарияти билан маслаҳатлашиш учун бугун кечқурун Қоҳирадан жўнаб кетади», – дейилади ҲАМАС баёнотида.
Ҳужжат матнига кўра, Қоҳирада бўлиб ўтган музокараларда ҲАМАС делегацияси аввалроқ Миср воситачилари томонидан тайёрланган ўт очишни тўхтатиш таклифига ўз муносабатини билдирган.
«Ҳаракат ўзининг ижобий ва масъулиятли ёндашувини, шунингдек, (Исроил) агрессиясини тўлиқ тўхтатиш, бутун Ғазодан қўшинларни олиб чиқиб кетиш, кўчирилганларни қайтариш, ёрдамни кўпайтириш, Ғазо секторини қайта қуриш ва маҳбусларни алмашиш бўйича келишувни якунлаш бўйича халқимизнинг миллий талабларини қондирадиган келишувга эришишдан манфаатдорлиги ва қатъиятини тасдиқлайди», – дейилади баёнотда.
CNN манбаларга таяниб, Миср воситачилари томонидан тайёрланган ҲАМАСга янги таклифнинг айрим тафсилотларини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, янги таклиф Исроил ёрдами билан тузилган бўлиб, келишувнинг биринчи босқичи бир неча ҳафта давомида жангларни тўхтатиб туриш эвазига 20-33 нафар гаровга олинганларни озод қилишни ва Исроилдаги фаластинлик маҳбусларни озод қилишни ўз ичига олади. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш муддати озод этилиши мумкин бўлган гаровга олинганлар сонига боғлиқ бўлади.
Иккинчи босқич эса Ғазо секторида «барқарор осойишталикни тиклаш»ни ўз ичига олади. Дипломатик манбага кўра, бу «доимий ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш йўлини назарда тутади». Бу босқичда ҲАМАСнинг қолган гаровга олинганлари, жумладан асирга олинган ЦАХАЛ аскарлари ва ўлганларнинг жасадлари яна кўпроқ фаластинлик маҳбусларга алмаштирилади.
Ўз навбатида, Исроил Ғазодаги урушнинг барча белгиланган мақсадларига эришиш, жумладан, ХАМАСни бутунлай йўқ қилиш режаларидан ҳам воз кечмаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Исроил мудофаа вазирининг музокараларда келишувга эришилмагани ва яқин кунларда Рафаҳга ҳужум уюштирилиши мумкинлиги ҳақидаги сўзлари хабар қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter