Ҳайдовчилик гувоҳномалари энди бошқа давлат ташкилоти орқали берилади
Ҳайдовчилик гувоҳномалари туман ва шаҳарлардаги Ўзбекистон президенти халқ қабулхоналари қошидаги давлат хизматлари марказлари орқали берилади. Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ўтказилган йиғилишда ушбу вазифани топширди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканалига асосланиб, «Газета.uz» хабар берди.
2021 йилга қадар мамлакатда 5 миллион донадан ортиқ ҳайдовчилик гувоҳномалари янгиланиши керак. Бироқ вилоятларда уларни топшириш билан 3−5, мамлакат бўйича эса 49 бўлинма шуғулланмоқда.
Давлат хизматлари марказлари сони 201 тани ташкил этади. Уларнинг ҳар бирида ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириш учун йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари ходимлари бириктирилади, дейилади кўрсатувда.
Давлат хизматлари марказлари 1 январдан аввал фақатгина тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатган «Ягона дарча» марказлари базасида ташкил этилди. 1 апрелга қадар марказда 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, эндиликда улар сони яна 13 тага ошди.
Давлат хизматлари ягона реестрига 444 турдаги давлат хизмати киритилган. Йил охирига қадар давлат хизматлари марказлари жами 87 турдаги, кейинги йил охиригача эса 160 турдаги давлат хизматларини кўрсатади. Президент қисқа муддатда давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлар сонини ошириш бўйича таклифларни тайёрлашни топширди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter