Ҳоким ёшларнинг муаммоларини эшитди: тафсилотлар
Туман ҳокими ёшлар муаммоларини эшитди. Китобда «Ёшлар куни» тадбирлари: навбатдаги мулоқот «Тўпчоқ» маҳалласида ўтказилди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири хабар бермоқда.
Давлат раҳбари ташаббуслари билан жорий этилган «Ёшлар куни» анъанаси доирасида Китоб туманида ёш авлод вакиллари билан тизимли ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда.
Мазкур чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида тумандаги «Тўпчоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар билан юзма-юз мулоқот ташкил этилди. Тадбирда Китоб тумани ҳокими Рустам Ғофуров, туман прокурори Хуршид Баҳромов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда ҳудуд ёшлари иштирок этди.
Учрашувда ёшлар сиёсатига оид қуйидаги устувор масалалар муҳокама марказида бўлди:
Бандликни таъминлаш: Ёшларни доимий иш ўринларига жойлаштириш;
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш: Имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш тартиби;
Касб-ҳунарга йўналтириш: Замонавий касбларни эгаллаш учун яратилган имкониятлар;
Бўш вақтни мазмунли ташкил этиш: Маданий ва спорт тадбирлари қамровини кенгайтириш.
Учрашувда реал муаммолар ҳам кўтарилди. Ишга киришда қийналаётган ёшлар сўзга чиқди, мактаблардаги камчиликлар баён этилди. Хусусан, мактабларда компютер синфлари ва лаборатория жиҳозларини янгилаш масаласи кўтарилди. Туман ҳокими муаммони ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича масъулларга топшириқ берди.
Мулоқот давомида билдирилган ҳар бир мурожаат ва таклиф мутасаддилар томонидан атрофлича ўрганилиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига аниқ муддатли топшириқлар берилди.
Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, вақт талаб этадиган мурожаатлар туман ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter