Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИБ ходимини 1,7 километрга «судраган» ҳайдовчига жазо тайинланди

ИИБ ходимини 1,7 километрга «судраган» ҳайдовчига жазо тайинланди

Иллюстратив фото

Марғилон шаҳрида хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсатиб, тан жароҳати етказган шахс икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар бермоқда «ЎзА».

2018 йил 26 сентябрь куни эрта соат 9:00 ларда Марғилон шаҳридаги Б.Марғилоний ва Мустақиллик кўчалари кесишган чорраҳада «Matiz» русумли 40 О 850 ОА давлат рақам белгили транспорт воситаси йўл ўртасида тўхтаб, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига ҳалақит берган. Шу ерда хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг 1-батальон 1-отряд сафдор ходими М.Махситалиев автомашина ҳайдовчиси А. Нишоновга ўзини таништириб, унга белгиланмаган жойга автомашина тўхтатганлигини маълум қилиб, ундан автомашинани ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларига ҳалақит бермайдиган жойга олишни талаб қилганида А.Нишонов унинг қонуний талабларига бўйсунмаган.

Шундан кейин М.Махситалиев А.Нишоновдан шахсини тасдиқловчи ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилганида у ҳужжатларни тақдим этмаган. Сафдор ходим М.Махситалиев ўзининг қонуний талабларига бўйсунмаган А.Нишоновга чора кўриш учун шу жойда хизмат олиб бораётган ИИБ ЙХХБ ходимини алоқа воситаси (рация) орқали ёрдамга чақирганида А.Нишонов хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимига фаол қаршилик кўрсатади. Автомашинани ИИБ ходимига қарата бошқариб, уни автомашинани олд қисми билан уриб, автомашина капотига ётиб қолган М.Махситалиевни тушириб юбориш мақсадида автомашинани хавфли усулда бошқариб, ходимни йўлнинг қатнов қисми бўйлаб 1,7 километрга «судраб борган». Натижада М.Махситалиев йўл четига йиқилиб, жараҳат олган.

А.Нишонов ўзининг юқоридаги қилмиши билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган, деб топилди.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси М. Ибрагимов томонидан кўриб чиқилди. Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи А. Нишоновга тегишли жазо тайинлади. Жиноят содир этишда фойдаланилган транспорт воситаси жиноят содир этиш қуроли деб топилиб, мусодара қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг