ИИББ интернетда тарқалган айбловга жавоб қайтарди
Интернет тармоғида, хусусан «Uzxalqharakati.com» сайтида Ш.Бойқунусова номидан мурожаат тарқатилган бўлиб, унда Ш.Бойқунусовага нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан тергов нохолис олиб борилгани, гуёки процессуал ҳужжатлар сохталаштирилгани таъкидланган, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.
Қайд этилишича, жабрланувчилар томонидан Тошкент шаҳрининг бир нечта туман Ички ишлар идораларига ёзилган аризалар асосида ҳеч қаерда ишламайдиган, 1981 йилда туғилган Ш.Бойқунусовага нисбатан 5 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ш.Бойқунусова ва унинг жиноий шериклари жабрланувчиларни алдаб, уларнинг пластик карталардаги пул маблағларини нақдлаштириб бериш баҳонаси билан қўлга киритиб, пластик карточкалардан ечилган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатишган. Етказилган зарарнинг умумий миқдори 397 миллион 970 минг сўмни ташкил этган. Гумонланувчи тариқасида жалб этилган Ш.Бойқунусова терговга келишдан ва етказилган зарарни қоплашдан бўйин товлаб келган.
Шу сабабли 2018 йил 2 апрель куни у Тошкент шаҳар ИИББга таклиф этилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 227-моддаси тартибида (суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори асосида ушлаб туриш) ушланган ва вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. 3 апрель куни унга Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айблов эълон қилинган. 4 апрель куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Суд жараёнида айбдор деб топилган Ш.Бойқунусова етказилган зарарни қоплаган ва шу сабабли 2018 йил 18 октябрь кунги ҳукм билан суд томонидан унга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланган, яъни у иш ҳақидан 20 фоизини ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 2 ой 13 кунга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Ушбу ҳукм 2018 йил 28 октябрь куни қонуний кучга кирган.
«Шу билан бирга, ички ишлар вазири номига келтирилган айбловларни асоссиз ва номақбул деб ҳисоблаймиз, чунки тергов қонун доирасида, ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб борилган бўлиб, бу суд ҳукми билан ўз тасдиғини топган. Суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда ҳар ким қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга», дейилади ИИББ хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter