Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИВ ҳозирданоқ вазиятни хаспўшламоқдами?

ИИВ ҳозирданоқ вазиятни хаспўшламоқдами?

Фото: «Xabar.uz»

Жарқўрғонда ҳоким ва туман ИИБ раҳбарлари томонидан судьялар обрўсизлантирилгани, шунингдек,  туман суди ҳайдовчиси дўппосланиб, бир муддат қамаб қўйилганидан хабарингиз бор. Мазкур воқелик ҳақида хабарлар тарқалиши ҳамоно Бош прокуратура баёнот бериб, ҳолат юзасидан текширув ишлари бошлангани, жараён назоратда эканини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати эса туман ҳокими ва туман ИИБ раҳбарларининг хатти-ҳаракатларини ҳеч нима билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлаб, буни суд ҳокимияти мустақиллигига қилинган очиқдан-очиқ таҳдид деб баҳолади.

Ниҳоят, воқелик юзасидан Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати ҳам маълумот берди. ИИВ маълумоти «ўзига хос ва ўзига мос» бўлиб, унда судьялар обрўсизлаштирилгани хусусида чурқ этилмайди. Шунингдек, ИИБ ходимларининг жисмоний куч ишлатиши натижасида туман суди ҳайдовчиси жароҳат олгани  ҳақида ҳам деярли гап йўқ. ИИВ  ахборот хизмати асосий урғуни «...жиноят ишлари бўйича туман судига қарашли хизмат автомашинасини ҳайдовчи Р.Р. қарама-қарши йўналишда бошқариб келгани сабабли» туман ҳокими ва постда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари мазкур автотранспортни йўлнинг қатнов қисмидан четга олишни талаб қилгани, бироқ ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмагани натижасида постда сунъий тирбандлик юзага келганига беради. «...Шундан сўнг ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, ҳайдовчи  соат 10:30 ларда туман ИИБга олиб борилиб, соат 11:00 ларда  чиқариб юборилган», дейилади ахборотда.

Воқелик анча силлиқлаб берилган мазкур маълумотнинг ўзида бир-бирини инкор этувчи ҳолатлар мавжуд. Хўп, ҳайдовчи йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланиб келган бўлса, нега унга нисбатан ўша жойнинг ўзидаёқ маъмурий баённома тузилмади? У йўл ҳаракати қоидаларини шунчалар қўпол бузган экан, ИИБ биносига олиб борилиб, ярим соатга қолмай нега қўйиб юборилди?

Қисқаси, ИИВнинг воқелик юзасидан берган бир парча маълумотномасида мантиқсизликлар етарли. Очиқ қолаётган саволларга эса, прокуратура текшируви натижаларидан жавоб топамиз, насиб...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг