Икки минг тадбиркор кредитни вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланди
Йиғилишда Қорақалпоғистонни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистондаги 2 минг тадбиркор уч йилда 2 триллион 145 миллиард сўм кредитни вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланган. «Мижозни ўстириш» модели асосида яна камида 30-40 минг одамни ишли ва даромадли қилиш имконияти бор.
Ҳудудга масъул банк ишончли мижозлар учун 16 фоиз ставкада 300 миллиард сўмлик кредит линиясини очмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 4 фоизлик қисмини қоплаб бериши ҳисобига тадбиркор учун ставка 12 фоизга тушади.
Қолган 8 та банкка ҳам бир ойда шундай қулай маҳсулотларни ишлаб чиқиш топширилди.
Таъкидланишича, Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади.
Келаси йили ресурслар 2 карра оширилиб, Уйчи ва Зарбдор тажрибаси асосидаги «драйвер» лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Шу ҳисобдан камида 50 минг одамни даромадли қилиш вазифаси қўйилди.
Икки йилда бизнес инфратузилмасига 370 миллиард сўм ажратилгани ҳисобига 2 минг 200 та савдо-сервис объекти ишга тушиб, 10 мингга яқин иш ўрни яратилган. Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида 60 ўринли боғча, футбол ва воркаут майдончалари ташкил этилгани маҳаллага янгича кайфият олиб киргани таъкидланди.
Туман ҳокимларига шу йил иқтисодий ўсиш ва бандликка туртки берадиган яна иккитадан лойиҳа қилиб, 10 минг одамни даромадли қилиш топширилди. Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилиб, бир ҳафтада молиялаштириш очилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter