Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Икки йил ичида янги боғ барпо қилинмаган ерлар сувсиз қолади

Икки йил ичида янги боғ барпо қилинмаган ерлар сувсиз қолади

Мамлакатимизда эски, ҳосилсиз боғлар узоқ йиллардан буён муаммо бўлиб келган. Қоғозда — боғ, амалда — ташландиқ ер.

9 июнь куни қабул қилинган Президент Фармони (ПФ–108) бўйича 2026–2028 йилларда 172 минг гектар майдонга саноат усулидаги интенсив боғлар барпо этилади.

Интенсив боғ дегани — зич экилган, суғориш ва ҳосил йиғиш автоматлаштирилган, гектаридан анъанавий усулга қараганда бир неча баробар кўп ҳосил оладиган замонавий боғдорчилик тизими.

1 июлдан бошлаб боғ барпо этмоқчи бўлганларга давлат уч йўл билан ёрдам беради. Тижорат банклари орқали гектарига 120 миллион сўмгача 7 йил муддатга кредит олиш мумкин. Дастлабки уч йил имтиёзли, йиллик фоиз ставкаси 14 фоиз. Халқаро молия институтлари ресурслари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар ҳам худди шу шартларда берилади. Бундан ташқари, лабораторияда етиштирилган сертификатли хорижий кўчатларни импорт қилиш учун ҳар бир кўчатга беш АҚШ долларигача, 18 ойлик алоҳида кредит ҳам назарда тутилган.

Бироқ фармоннинг иккинчи томони янада қатъийроқ. Агросаноатни ривожлантириш агентлиги энди эски боғларни расман "яроқсиз" деб топиш ҳуқуқига эга. Хулоса берилган кундан бошлаб 12 ой ичида янги боғ экилмаса, ер солиғи ва сув солиғи уч баравар оширилади. Агар 24 ой ўтиб ҳам ҳеч нарса ўзгармаса, ўша майдонга сув бериш тўлиқ тўхтатилади.

Бунинг замирида катта стратегия ётади. Ўзбекистон мева-сабзавот экспортини кескин ошириш йўлини тутган, бироқ эски боғлар билан жаҳон бозорида рақобатлашиб бўлмайди. Интенсив боғдорчиликка ўтиш фермерлар учун дастлаб катта харажат талаб этса-да, узоқ муддатда бир неча баробар кўп даромад келтиради. Давлат ҳозир айнан шу ўтиш даврини — оғриқли, лекин муқаррар бўлган бурилиш нуқтасини тезлаштиришга уринаяпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг