«Ишдаги ишқ» филми бош қаҳрамони оламдан ўтди

Россиялик таниқли актёр Андрей Мягков 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда РИА Новости Чехов номидаги Москва бадиий театрига асосланиб хабар берди.
Ўлим сабаби ва ҳолатлари ҳозирча маълум қилинмаган. Актёрни дафн этиш санаси ва жойи ҳам номаълум.
Мягков 1938 йил 8 июлда Ленинград(ҳозирги Санкт-Петербург шаҳри)да туғилган. 1960 йилларда у Москва бадиий театр мактабини тугатиб, Современник театрида иш фаолиятини бошлаган. Мягков 1965 йилда биринчи дебютини намойиш қилиб, Элем Климовнинг «Тиш шифокорининг саргузаштлари» комедия филмида Алиса Фреундлич билан бирга асосий ролни ўйнаган.
Мягков режиссёр Элдар Рязанов томонидан суратга олинган «Тақдир ҳазили ёҳуд қушдек енгил бўлинг», «Ишдаги ишқ» филмларидаги асосий роли билан кенг оммага танилган. Шунингдек, у ўзининг «Гараж» ва «Шафқатсиз ишқ» филмлардаги роллари билан томошабинлар кўнглидан жой ола билган. Бундан ташқари, Мягков «Турбинлар кунлари», «Дерибасовскаяда об-ҳаво яхши » ёки «Брайтон соҳилида яна ёмғир ёғмоқда», «Умид» ва «Кумуш карнай» каби филмларда рол ўйнаган. Актёр 1986 йилда РСФСР халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 2019 йил май ойида у III даражали Ватан учун хизматлари ордени билан тақдирланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter