Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Ишларимиз «жаҳон стандарти»га тўғри келадими?

Ишларимиз «жаҳон стандарти»га тўғри келадими?

Фото: nor.uz

«Жаҳон стандарти», бу жумлани камида йигирма йилдан бери эшитаман. Айниқса телевизордан. Ўзи бу жумлани кўча-кўйда эшитмайсиз. Асосан телевизорда айтишади, газеталарда кўп ёзишади.

«Жаҳон стандартларига мос келадиган қилиб қурдик», «Жаҳон стандартига тўлиқ жавоб берадиган қилиб таъмирладик» ва хоказо гапларни эшитавериб, меъдамизга ҳам уриб кетди.

Кўчани асфалт қилишса ҳам шу жумлани ишлатишади, намунали уй қуришса ҳам шу жумла, ҳатто молхона қуришса ҳам интервью олгани борган мухбир камерани ўнглаб микрафонни тутса шу жумлани албатта гапиришади. Аммо...

«Жаҳон стандарти»нинг ўзи нима? У қандай бўлади? Ўша «ушбу йўлни жаҳон стандартига мос равишда таъмирладик» ёки «ушбу уйни жаҳон стандартига тўлиқ жавоб берадиган қилиб қурдик» дейдиганлар ўзи жаҳон стандарти қанақа эканлигини билишармикан?

Жаҳонда ривожланиш уч табақага бўлинади:

  1. Ривожланган давлатлар.
  2. Ривожланаётган давлатлар.
  3. Ривожланиш даражаси паст бўлган давлатлар. Бугунги кунда умумий оладиган бўлсак, ана шу уч табақанинг ўз стандартлари бор. Қашшоқ давлатлар минг чиранмасин бир ишни ривожланган давлатлардагидай қилиб қўя олмайди. Улар ўз ишларини иккинчи табақадаги ривожланаётган давлатлардагидай қилиб қўйса ҳам дўпписини осмонга отаверсин.

Биз умумий олганда «ривожланаётган давлатлар» рўйхатининг охирроғида юрамиз.

Аслида кўпгина соҳалар бўйича қолоқлар билан тенгмиз. Аммо бизда  тиббиёт ва саводхонлик аҳолининг ҳамма қатламини 100 фоиз қамраб олгани учун ҳам қолоқ давлатлар сирасига кирмаймиз. Аммо категорияси ўзимиз билан бир бўлган кўпгина ривожланаётган мамлакатлар билан ҳам кўп соҳаларда рақобат қила олмаймиз.

Шу ерда савол туғилади: йўл қуриб, таъмирлаб ёки намунали уй қуриб қўйганлар қайси мезонга асосланиб ўз ишларини «жаҳон стандартига мос келади» деб мақтаяпти? Қилиб кетган асфалт йўллари икки йилга етмай ўйилиб, унда чуқурлар пайдо бўла бошлашини инобатга олсак, ўша йўл ривожланган давлатлар стардарти уёқда турсин, ҳатто ривожланаётган давлатлар стандартига ҳам тўғри келмайди.

Ёки қураётган намунали уйларининг бир-икки йилдаёқ бўёқлари кўчиб, деворларига ёриқ туша бошлашини инобатга олсак, улар ҳам ривожланган ва ривожланаётган давлатлар стандартига мутлақо жавоб бермайди.

Шундай экан, бизнинг «фалон нарсани жаҳон стандартига тўлиқ жавоб берадиган қилиб қурдик» деб мақтанишга ҳаққимиз борми? Олдин шу ҳақда бир ўйлаб кўрайлик.

Бўладиган гап шу: ё жаҳон стандартига мос ишлаш керак, ё «жаҳон стандартига мос» деб мақтанишни йиғиштириш керак.

P.S. Албатта, қурилаётган объектларнинг ҳаммасини ҳам сифатсиз деб бўлмайди. Ишини пишиқ-пухта қилиб бажариб қўйганлар кўп. Ёки таъмирланаётган йўлларнинг ҳаммаси ҳам сифатсиз эмас, сифатли қилиб таъмирланаётганлари бор. Юқоридаги мулоҳазаларимиз гуручдаги курмаклар ҳақидадир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг